Туркияда президентлик ва парламент сайловларида овозларни ҳисоблаш жараёни давом этмоқда.

A Haber агентлиги маълумотига кўра, ҳозирга келиб сайлов қутиларининг 93 фоизи очилиб, овозлар ҳисобланган. Амалдаги президент Эрдўған ҳамон олдинда, аммо унга берилган овозлар миқдори 49,67 фоизгача тушиб кетди, бу эса президентлик сайловларида икки ҳафтадан кейин, 28 май куни иккинчи тур бўлишини кўрсатади. Унинг асосий рақиби Камол Қиличдорўғли тўплаган овозлар 44,59 фоизга етди.

  • 99,2 фоиз овозлар ҳисобланганидан кейин Эрдўғаннинг натижаси 49,39, Қиличдорўғлиники 44,97 фоизни ташкил этмоқда. Иккинчи тур бўлади.

Шу билан бирга, икки томоннинг вакиллари амалда ўз номзодлари ғалаба қозонганини айтмоқда.

Мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли бутун мамлакат бўйлаб мухолифат кузатувчиларини сайлов қутиларидан кўз узмасликка чақирган. У шунингдек Олий сайлов кенгашидан йирик шаҳарлардаги овоз бериш натижаларини эълон қилишни сўраган.

«60 фоиздан бошланган фантастика ҳозир 50 фоиздан пастга тушди. Сайлов бюллетенларини кузатувчилар ва сайлов комиссиясининг мансабдор шахслари ҳеч қачон ўз жойларини тарк этмаслиги керак. Бу кеча ухламаймиз, халқим», — дея ёзди Қиличдорўғли твиттерида.

Фото: AFP

Туркия Олий сайлов кенгаши раиси Аҳмет Йенер журналистлар қаршисига чиқиб, қисқа ахборот берди ва сўнгги расмий маълумотларни эълон қилди. Унинг маълумотларига кўра, Туркияда овозларнинг 47,08 фоизи ва хориждаги сайлов участкаларидаги овозларнинг 12,60 фоизи расман ҳисобга олинган. У расмий натижалар эълон қилиниши қасддан кечиктирилаётгани тўғрисидаги айбловни рад этди.

Мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли кенгашни натижаларни ўз вақтида тақдим этмаётгани учун танқид қилганди.

Мухолифат бир неча бор натижаларга танқидий ёндашишга чақириб, сайлов комиссияси расмийлари ҳукумат манфаатларига ишлаётганини айтишган.

Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси раиси Умар Челик эса овозларни ҳисоблаш жараёни мутлақо шаффоф кечаётгани ва барча президентнинг ғалабасини тан олиши лозимлигини айтган.

Anka хусусий янгиликлар агентлиги маълумотига кўра, овозларнинг 78 фоизи ҳисоблаб чиқилган ҳолатда президент Эрдўғанда - 48,5 фоиз, Қиличдорўғлида - 45,7 фоиз овоз тўпланган.