Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг Самарқандда бўлиб ўтаётган йиллик конференцияси доирасида “Ўзбекистон инвестиция истиқболлари” мавзусидаги прогноз сессияси бўлиб ўтди. Kun.uz анжуманда янграган айрим фикр-мулоҳазаларни келтириб ўтади.
“Кейинги йилларда ҳам 5-6 фоиз атрофидаги иқтисодий ўсишни ушлаб қолишимиз лозим” — Шуҳрат Вафоев

Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Шуҳрат Вафоев кейинги даврда Ўзбекистон ҳукуматининг асосий мақсади барқарор макроиқтисодий ва ҳуқуқий тизим яратиш эканини таъкидлаб ўтди.
“Биз нархларни барқарорлаштиришга алоҳида эътибор қаратганмиз. Тўғри, бу осон эмас, аммо ҳаракат қиляпмиз. Бунинг учун мослашувчанлик керак.
Йиллик 5-6 фоиз атрофидаги иқтисодий ўсишни ушлаб қолишимиз лозим. Кейинги 5 йилда 120 млрд доллар хорижий сармояларни жалб қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Бу маблағларнинг асосий қисмини инфраструктура лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирамиз. Шунингдек, 2026 йилгача экспортни 30 млрд долларга етказмоқчимиз. Кейинги даврдаги асосий мақсадимиз – барқарор макроиқтисодий ва ҳуқуқий тизим яратиш ҳисобланади”, – деди Вафоев.
ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос жорий йилдаги совуқ қиш мавсумини эслади ва ҳукумат қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаб, Шуҳрат Вафоевдан бу қандай кўринишда амалга оширилиши ва сармоя масаласи қандай ҳал этилишини сўради.
“Албатта, барқарор инфраструктура аҳоли ва инвесторлар учун жуда муҳим. Бизда хусусий секторни ушбу тармоққа жалб қилиш тажрибаси бор. Охирги йилларда нолдан бошлаб бу борада эътиборли ютуқларга эришдик. Эндиликда хусусий секторни етказиш ва қайта тақсимлаш ишларига ҳам жалб қилишни режалаштиряпмиз. Ҳар томонлама интеграция қилинган ечимларни ишлаб чиқишимиз ва генерация қувватларини кенгайтиришимиз керак”, – дея жавоб берди Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори.
“Кейинги қадам – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш” — Жамшид Хўжаев

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, савдо алоқаларини ривожлантиришда инфраструктурага алоқадор муаммоларни ҳал қилиш асосий мақсад ҳисобланади.



















