Жаҳон | 14:24 / 17.05.2023
5203
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ юқумли бўлмаган касалликлар бўйича идорасини Москвадан кўчиради

Фото: AP

Жорий йилнинг охиригача ЖССТнинг Москвадаги офиси ташкилотнинг Европа минтақавий қўмитаси жойлашган Копенҳагенга кўчирилади.

Россия Федерациясининг Украинага қарши давом этаётган уруши муносабати билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Юқумли бўлмаган касалликларга қарши кураш идорасини Москвадан Копенҳагенга кўчиради. Бу қарор 15 май, душанба куни ЖССТ Европа минтақавий қўмитасининг учинчи махсус сессияси делегатларининг кўпчилиги томонидан овозга қўйилди. Офис 2024 йил 1 январдан кечиктирмай Данияга кўчирилади.

ЖССТ саҳифасидаги баёнотда айтилишича, Россия Федерацияси ва Тожикистон томонидан таклиф қилинган иккита тузатиш сессияда рад этилган. Москва Юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш бўйича Европа бюросининг шаҳарда ёпилиши ҳолатларини ўрганиш бўйича қуйи қўмита тузишни, Тожикистон расмийлари эса бу идорани Душанбеда жойлаштиришни таклиф қилди.

"Россиянинг тажовузкорлиги ва Украинага қабул қилиб бўлмайдиган босқинни ҳисобга олган ҳолда, бизнинг муҳим офисимиз Москвада бўлиши мумкин эмас", деди Дания соғлиқни сақлаш вазири Софи Лёде. Офисни кўчиришдан мақсад ташкилотнинг иш шароитларини яхшилаш, шунингдек, Украина билан бирдамликни намойиш этиш, деди ўз навбатида ривожланиш ва глобал иқлим сиёсати вазири Дэн Йоргенсен. ЖССТ Европа бюросининг бош офиси Копенҳагенда жойлашган.

ЖССТнинг Москвадаги ваколатхонаси Европа минтақасида ўлимнинг асосий сабаби ҳисобланувчи юқумли бўлмаган касалликлар муаммолари билан шуғулланади. "Жами ўлимларнинг 75 фоизи юрак-қон томир, саратон, диабет ва нафас олиш тизимининг сурункали касалликлари билан боғлиқ", деб таъкидлайди ЖССТ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид