Жаҳон | 10:15 / 17.05.2023
6912
2 дақиқада ўқилади

МРБ Telegram'да россияликлар учун ролик эълон қилди

МРБ Telegram’да эмоционал видеони жойлаштириб, урушдан норози бўлган россияликларни ўз сафига қўшиш кампаниясини бошлади.

Видеодан кадр

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) россияликларни АҚШ разведкаси билан маълумот алмашишга чақирувчи реклама ролигини чиқарди. "Марказий разведка бошқармаси Россия ҳақидаги ҳақиқатни билмоқчи, биз бу ҳақиқатни биладиган ва айта оладиган ишончли одамларни қидирмоқдамиз. Сизнинг маълумотларингиз сиз ўйлаганингиздан ҳам қимматроқ бўлиши мумкин", - дейилади Марказий разведка бошқармасининг расмий Telegram-каналида жойлаштирилган видео изоҳида.

"Нега мен Марказий разведка бошқармаси билан боғландим?" деб номланган икки дақиқалик видеонинг қаҳрамонлари ўзлари хоҳлаган ҳаёт кечираётганига шубҳа билан қарашларини билдирган. Путин ҳам, Россиянинг Украинага қарши уруши ҳам тилга олинмайди, кадр ортидаги овозда ҳар бир фуқаро ўз аҳволини яхшилаш учун нимадир қилиши ва барибир ватанпарвар бўлиб қолиши мумкинлиги таъкидланади.

"Биз русларга ўз тилларида улар нималарни бошдан кечираётганини билишимизни айтмоқчи эдик", деди CNN'га ўз номини сир қолишини сўраган Марказий разведка бошқармаси ходими. Америка разведка хизматлари вакиллари таъкидлаганидек, шу йўл билан улар Украинадаги уруш ва Россиядаги ҳаётдан норози бўлган россияликларни алоқа ўрнатишга ишонтириш ниятида. Марказий разведка бошқармасининг Telegram-каналида АҚШ разведка идоралари билан қандай хавфсиз ва аноним мулоқот қилиш бўйича кўрсатмалар ёзилган видео ҳам эълон қилинди.

CNN манбасига кўра, мақсадли аудитория мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам яшовчи минглаб ёки ўн минглаб россияликларни ўз ичига олиши мумкин, улар қимматли маълумотларни алмашиш имкониятига эга. Гап махсус хизматлар, киберхавфсизлик, технология, молия ходимлари, шунингдек, ҳарбийлар ва дипломатлар ҳақида бормоқда.

Мавзуга оид