Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Storm Shadow ракеталарини қўллашни бошлади. Бу қурол фронтдаги вазиятга қандай таъсир кўрсатади?
Ўтган ҳафтада Украина Буюк Британиядан 250 километр масофага ҳаракатланувчи Storm Shadow ракеталарини қабул қилиб олганди. Бунгача украинлар асосан 80 километргача етиб борувчи ракеталардан фойдаланаётганди.
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Украина Storm Shadow ракеталарини жангда қўллашни бошлаганини тасдиқлади.
У 18 май куни норвегиялик ҳамкасби Бьорн Арилд Грам билан қўшма матбуот анжуманида журналистларнинг Украина фронтида шундай ракеталардан фойдаланилаётгани ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарди: «Айтишим мумкин бўлгани шуки, тушунишимча, ракеталарни Украинага жўнатганимиз ҳақида эълон қилганимиздан кейин улар ишлатилган. Бошқа тафсилотларни келтира олмайман».
Аввалроқ Россиядаги манбалар Украина қуролли кучлари Storm Shadow ракеталари билан Луҳанскка зарба йўллагани ҳақида хабар берган, интернетда шу ракеталарга мансублиги айтилган парчалар акс этган кадрлар пайдо бўлганди.
Бу ракеталар фронтда нимани ўзгартириши мумкин?
Ҳарбий эксперт Люис Пейж The Telegraph нашридаги колонкасида шу ҳақда ёзди.
Буюк Британия 11 май куни Украинага учиш масофаси камида 250 километрни ташкил этувчи Storm Shadow ракеталарини тақдим этганини эълон қилди – бу Киев уруш бошидан буён ғарблик ҳамкорларидан олганлари орасида энг узоққа борувчи қуролдир. 12 май куни кечқурун фронт чизиғидан 80 километрдан ортиқроқ масофадаги Луҳанск ўққа тутилди – ва аннексия қилинган «ЛХР» расмийлари зарбалар Storm Shadow ракеталари билан берилганини хабар қилишди (Украина ҚК буни тасдиқламаган). Ҳарбий эксперт Люис Пейж The Telegraph нашридаги колонкасида Украинада узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар бўлиши фронтдаги вазиятга қандай ўзгартириш киритиш мумкинлиги ҳақида ёзди. Қуйида унинг матни таржимаси жузъий ўзгартиришлар билан келтирилади.
«Буюк Британия яна барча иттифоқчилардан илдамроқ чиқди — Лондон украинларга ўзининг мақталган Storm Shadow ракеталарини топширди, бу Киевда шу вақтгача берилган қуроллар орасида энг узоқ масофага борадиганидир. Дарҳақиқат, бу бурилиш нуқтаси, лекин, асалида бир қарашда кўринганидек эмас. Storm Shadow’нинг ўзи жанг майдонидаги картинани ўзгартира олмайди, худди Буюк Британия Украинага аввалроқ берган кам сонли Challenger II танклари каби.
Challenger — энг зўр танк эмас. У ишлаб чиқилган пайтидаёқ ўзининг ишончсизлиги билан машҳур бўлган — уни кўп йиллик синовлардан кейингина британ армиясига қабул қилишган. У экспорт модел сифатида ҳам муваффақият қозона олмаган: Уммон лойиҳалаш вақтида 38 танк харид қилган, аммо шундан кейин уларни бошқа ҳеч ким сотиб олишни истамаган. Challenger учун НАТОнинг барча аъзоларида қўлланадиган стандартдаги снарядлар эмас, алоҳида намунадаги ўқ-дорини ишлатиш талаб этилади.
Украинага юборилган 14 та Challenger танклари Буюк Британия учун сезиларли йўқотиш эмасди. Лондон аллақачон 120 та эски машинани фойдаланишдан олган, қолганларини Challenger III даражасигача такомиллаштириш режалаштирилган. Украинлар бўлажак қарши ҳужумида британларнинг эскириб қолган танкларидан фойдаланиши ҳам мумкин — аммо уларга немислар ишлаб чиқарган ва Европанинг бошқа мамлакатларидан етказиб берилган Leopard танклари кўпроқ асқатади.
Бунда энг муҳими Challenger етказиб беришнинг ўзи эди: танклар юборилгани эмас, ғарбда ишлаб чиқарилган машиналар юборилгани факти. Бу эса эҳтиёткор немис сиёсатчиларини ўзларидаги Leopard танкларини юбориш ва Германиядан шундай танкларни сотиб олган бошқа мамлакатларга танкларни Украинага юборишга розилик беришга ундади.
Storm Shadow билан ҳам деярли шундай ҳолат. Буюк Британиядагилар ракета Франция билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилгани ва унинг қандайдир илғор қурол эканини айтиб юришни ёқтиришади. Аммо бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Аслида Франция уни деярли ёлғиз ўзи ишлаб чиқарган, ундаги британларга оид ягона қисм — жанговар каллакдир (унинг ҳам бир қисмига французлар аралашган).
Худди Challenger каби, Storm Shadow ракеталари ҳам ҳеч қачон ёрқин репутацияга эга бўлмаган. Хусусан, 2003 йилдаёқ жанговар каллаклар бетон конструкцияга чуқур кирганида портламай қолиши маълум бўлганди. Бомбани зарарсизлантириш бўйича мутахассислар ўшанда янги «мўъжиза-қурол» қўлланганидан кейин ҳудудни портловчи қурилмалардан тозалаш билан боғлиқ мураккаб вазифа билан тўқнашганди.
Storm Shadow ракетасининг яна бир камчилиги шундаки, у товуш тезлигида ҳаракатланмайдиган ракета — шунинг учун уни оддий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситалари билан ҳам уриб тушириш мумкин. Бундай ракеталар жанг майдонидаги вазиятни жиддий даражада ўзгартира олмайди, чунки Украина қуролли кучлари Россия томонидан назорат қилинадиган ҳаво кенглигига чуқур кириб бориши осон бўлмайди.
Аммо бу муҳим эмас. Асосийси шундаки, кимдир Украинага 250 километр масофага ҳаракатлана оладиган ракета бериб, прецедент яратди, бу эса ғарбнинг бошқа мамлакатларига босим ҳосил қилади ва уларни бундан ўрнак олишга ундайди. Энди бу иш сиёсий ва дипломатик жиҳатдан анча осонлашди: хусусан, Франция Буюк Британия ортидан шундай ракеталарини бериши ҳақида эълон қилди.
Украинлар анчадан буён АҚШ томонидан ишлаб чиқарилган ATACMS ракеталарини сўраб келади. Ҳозирда уларда HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан учириш учун GMLRS ракеталари бор, улар 85 километр масофадаги нишонга зарба бера олади. HIMARS учун яқинда етказиб берилган SDB ракеталари максимал 140 километргача бора олади. ATACMS ракеталари эса HIMARS тизимидан учирилганида 300 километргача етиб бориши мумкин.
ATACMS ракетасининг яна бир устунлиги шундаки, бу ракета товуш тезлигидан бир неча баробар юқори тезликда учади, бу эса уни уриб туширишни анча қийинлаштиради.
Феврал ойида Пентагоннинг олий мартабали вакили Лора Купер АҚШда мавжуд бўлган ATACMS ракеталари Украинага етказиб бериш учун етарли миқдорда эмаслигини айтганди. Аммо Вашингтон уни ўз захираларидан олиши шарт эмас: бошқа мамлакатларга бунга қарши эмаслигини билдириши кифоя. Масалан, ATACMS Полша ва Руминия армиясида бор.
Украиналиклар узоқ масофага борувчи қуроллардан қандай фойдаланиши (масалан, Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериши) борасида хавотирлар энди ўринсиз, чунки, нима бўлганда ҳам Киев энди британиялик иттифоқчилардан Storm Shadow ракетасини олиб бўлди. Бу ракеталар у қадар кучли бўлмаса ҳам».
Аслида Storm Shadow – унчалик кучсиз ракета эмас
Британиянинг Мудофаа тадқиқот институти (RUSI) ҳарбий эксперти Жек Уотлинг қанотли ракеталарнинг Украина учун аҳамияти ҳақида ёзди.
Унинг фикрича, Украина қабул қилиб олган Storm Shadow қанотли ракеталари ўз-ўзидан урушда бурилиш ясай олмайди, аммо унинг қўлланишидан бўладиган самара фақатгина узоқ масофадаги нишонларга зарба беришдагина эмас.
Доктор Уотлинг британ-француз қўшма маҳсулоти бўлган Storm Shadow ракетасини ишлаб чиқаришда қўлланган технология уни радарларга кўринмас қилишига, бу эса россиялик зенитчилар учун янгилик бўлиши, ракетанинг жанговар каллаги алоҳида ҳимояланган нишонларга зарба беришга мўлжалланганини эслатади.
Уотлингнинг қайд этишича, украинларга ўтган йилда ёрдам берган HIMARS ракеталари зарбаларига россияликлар маълум даражада мослашишган: логистика тугунлари фронт чизиғидан 120 км масофага олиб кетилган, қўмондонлик пунктлари ҳимояси кучайтирилган ва бу ракеталарнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини уриб туширишни ўрганиб олишгант.
Аммо эндиликда, 250 км масофага ҳаракатланувчи Storm Shadow пайдо бўлгач, улар яна мослашишига тўғри келади.
«Аммо руслар учун Storm Shadow эффекти, шунчаки нишонлар йўқ қилинишидан кўра сезиларли даражада кўпроқ бўлади», - дея ёзган эксперт.
Биринчидан, Уотлингнинг фикрича, радарлар пайқаши қийин бўлган Storm Shadow бошқа зарбалар ва чалғитувчи воситалар билан бирга қўлланиши: камикадзе дронлар, GMLRS ракеталари, HARMS антирадар ракеталари россиялик зенитчиларни чалкаштириб ташлаб, ўз учар аппаратларига зарба беришга ҳам мажбур қилиши мумкин.
Иккинчидан, россиялик офицерлар энди қўмондонлик пунктларида ўзларини хавфсиз сеза олишмайди, бу эса уларнинг қарорларига таъсир қилмай қолмайди.
Ракеталар украинларнинг Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бермаслик ваъдаси билан берилган. Аммо россияликлар бунга қаттиқ умид боғлай олмайди - ва ўз ҳудудидаги ҳарбий объектлар ҳимоясини кучайтиришга қўшимча ресурслар жалб этиб, бу билан украинлар учун муҳим бўлган бошқа нишонлар ҳимоясини заифлаштириши мумкин.
Мавзуга оид
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
08:45 / 09.06.2026