Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
G7'нинг янги санкциялари Россияни технологиялардан маҳрум қилишга қаратилади
Хирошима саммити иштирокчилари Россия Федерациясини Украинага қарши уруш олиб боришга ёрдам берадиган ҳар қандай технология ва жиҳозлардан маҳрум қилади. Аввалроқ АҚШ Москвага қарши янги санкциялар пакетини эълон қилган эди.
“Катта еттилик” мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари Россиянинг Украинага қарши урушини қийинлаштириш мақсадида унга қарши янги санкциялар қўллашга қатъийлик билдирди. 19 май, жума куни Япониянинг Хирошима шаҳридаги саммит чоғида "Катта еттилик" мамлакатлари етакчилари “Россияни унинг уруш машинасини қўллаб-қувватловчи ҳар қандай G7 технологияси, саноат ускуналари ва хизматларидан маҳрум қилиш”га келишиб олдилар.
Янги санкциялар “жанг майдонида Россия учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган” товарларни экспорт қилишни тақиқлаш, шунингдек, “Москвага ҳарбий материалларни фронтга етказишни таъминловчи” корхона ва ташкилотларга чекловларни ўз ичига олади.
Хирошима саммитидан бироз олдин АҚШ Украинага қарши тажовузкор уруши учун Россияга қарши янги жазо чоралари пакетини эълон қилган эди. Бошқа нарсалар қаторида, Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатларнинг 70 га яқин корхона ва ташкилотларини Америка экспортидан узиб қўйиш режалаштирилган, деди Оқ уйнинг юқори мартабали вакили.
АҚШ, шунингдек, 300 дан ортиқ жисмоний шахслар, компаниялар, ташкилотлар, кемалар ва самолётларга чекловлар қўяди. Вашингтонга кўра, бу Россия ва унинг ҳарбий машинасига иқтисодий босимни янада ошириш учун қилинмоқда.