Жаҳон | 10:56 / 20.05.2023
7926
2 дақиқада ўқилади

Киев: Зеленский ва Байден Хирошимадаги G7 саммитида учрашади

Володимир Зеленский Хирошимадаги G7 саммитида шахсан иштирок этади ва у ерда АҚШ президенти Жо Байден билан учрашади. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак умуммиллий телемарафон эфирида маълум қилди. 

Фото: Reuters

Унга кўра, Зеленский ва Байден халқаро қирувчи самолётлар коалициясини тузиш ва “кўплаб бошқа масалаларни” муҳокама қилади

"Бугун биз расмий равишда самолётлар коалициясини яратиш ҳақида айтишимиз мумкин ва бу Украинада яқин орада осмонимиз, шаҳарларимиз ва фуқароларимизни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳамма нарса бўлади, дегани", дея таъкидлаб ўтди Ермак.

Украина президенти Володимир Зеленский G7 саммитида шахсан иштирок этиш учун Хирошимага учади. Бу ҳақда 19 май куни Американинг кўплаб оммавий ахборот воситалари, жумладан, The New York Times нашри номи ошкор этилмаган расмий манбаларга таяниб хабар берди. 

Financial Thimes газетасининг ёзишича, Зеленский якшанба куни Токиога келади. 

Маълумотни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов тасдиқлади. «У ерда жуда муҳим ишлар ҳал қилинади ва шунинг учун бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун президентимизнинг мавжудлиги мутлақо зарур», деди у давлат телевидениесига берган интервьюсида. 

Аввалроқ Япония ҳукуматидаги манбалар Украина раҳбари G7 етакчилари учрашувида виртуал иштирок этиши ҳақида хабар берган эди. Бунинг учун саммитга қўшимча сессия қўшилди. Зеленскийни Киевга сафари чоғида таклиф қилган Япония бош вазири Фумио Кишида ҳам у учрашувда онлайн тарзда сўзлашини айтди. 

Зеленский ўтган ҳафта Европанинг бир қатор пойтахтларига ташриф буюрди ва иттифоқчилар билан Киевга янги қуроллар етказиб бериш бўйича келишиб олди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид