Жаҳон | 08:27 / 20.05.2023
5054
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Байден Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилади

АҚШ президенти Жо Байден шу ҳафта охирида Япониядаги G7 саммитида украиналик ҳамкасби Володимир Зеленский билан учрашгандан сўнг Украинага 375 миллион доллар (346 миллион евро) миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилмоқчи, дея хабар бермоқда Politico манбаларга таяниб. 

Фото: Reuters

Тўпламга Киевга яқин ойлардаги шиддатли жангларда керак бўладиган артиллерия снарядлари, зирҳли транспорт воситалари ва танкка қарши қуроллар киради, деб ёзади нашр.

Германия Украинага деярли 2,7 миллиард еврога тенг энг йирик ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда. Унинг таркибига Marder пиёда қўшинларининг жанговар машиналари, Leopard 1 танклари, Gepard ўзиюрар зенит қуроллари, ўқ-дорилар билан IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизимлари ва бошқа турдаги оғир техникалар киради, деб хабар берди Der Spiegel 13 май куни Берлиндаги манбаларга таяниб.

Нашрнинг ёзишича, бу пакет сўнгги кунларда вазирликлар ва федерал канцлер идораси ўртасидаги махфий музокаралар чоғида келишилган. Украина қуруқликдаги қўшинларини зирҳли техникалар билан мустаҳкамлаш ва Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Украина учун немис қуролларининг янги рўйхати жуда узун - Украина яна 20 та Marder пиёда жанговар машинасини, 30 та Leopard 1 танкини, 2022 йил охирида ваъда қилинган 18 ғилдиракли гаубицани, тўртта IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизимини, 12 та IRIS -T SLS ишга тушириш мосламалари ва ушбу тизимлар учун юзлаб бошқариладиган ракеталарни олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид