Ўзбекистон | 08:01 / 20.05.2023
24214
2 дақиқада ўқилади

Одам савдоси учун қидирувга берилган аёл Малайзиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Интерпол Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан одам савдосида гумон қилинган аёл Куала-Лумпурдан Тошкентга олиб келинди.

Фото: Interpol

Куала-Лумпурдан Тошкентга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Интерпол Миллий марказий бюроси ходимлари ҳамкорлигида одам савдоси бўйича халқаро қидирувда бўлган ва кўп йиллар Малайзияда яшириниб юрган шахс олиб келинди

Аёл фирибгарлик йўли билан хорижда яхши маошли ишга жойлаштириб беришни ваъда қилиб, қизларни Малайзияга олиб бориб, ўз шериклари билан жабрланганларнинг паспортларини зўрлик билан олиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.

Гумонланувчи Интерполнинг Тошкент ва Куала-Лумпурдаги Миллий марказий бюролари ўртасидаги ҳамкорликдаги тадбирлар ҳамда тезкор-ахборот кўмаги, шунингдек, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси дипломатик миссиясининг бевосита ёрдами натижасида қўлга олинди. 

Келишилган ҳаракатлар туфайли қидирувдаги аёлни қўлга олиш ва Малайзия расмийлари Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилмагунча уни ҳибсда сақлаш мумкин бўлди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси ижобий кўриб чиқилиши натижасида қидирувда бўлган аёл судда адолат қарор топиши учун Тошкент шаҳригa олиб келиш мақсадида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид