Украинада урушнинг 451-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Пригожин Бахмут устидан тўлиқ назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилди. Украина қуролли кучлари ва Украина мудофаа вазирлиги буни рад этмоқда.
- Телеграм-каналлар Украинанинг қуролли гуруҳлари Белгород области ҳудудига ёриб ўтгани ҳақида хабар беришди. Регион оператив штабидагилар буни рад этишди.
- Володимир Зеленский «Катта еттилик» саммитида иштирок этиш учун Японияга келди.
- Украина мудофаа вазирлиги Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний ғойиб бўлиб қолгани тўғрисидаги маълумотни рад этди.
- Халқаро жиноят суди Россия расмийларининг суд прокурори Карим Хонни қидирувга бериш тўғрисидаги қарорини қўрқитиш деб атади.
Киевга дронларнинг навбатдаги ҳужуми
Россия қўшинлари 20 майга ўтар кечаси ҳам Киевга ҳужум уюштирди. Украина ҚК ҳаво кучлари «Shahed» русумли 18 та дрон учиб келгани ва уларнинг барчаси уриб туширилганини маълум қилди. Дронлар парчалари шаҳарнинг тўрт райони ҳудудларига қулаган, иккита турар жой биноси ва автомобилларни шикастлаган. Жароҳат олганлар йўқ.
Киевга тунги ёппасига ҳужум май ойи бошидан буён амалга оширилган 11-ҳужум бўлди. Ҳаво зарбалари апрел ойи охирида кучайган — бунгача деярли бир ой давомида бундай зарбалар кузатилмаганди.

Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA

Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA
Украина ҚКнинг Бахмут атрофидаги позициялари
«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин 20 май куни кундузи Донецк областининг Бахмут шаҳри унинг ёлланма кучлари томонидан тўлиқ ишғол этилганини эълон қилди. «Бахмутни эгаллаш бўйича амалиёт — Бахмут гўштқиймалагичи — 224 кун давом этди», — деган Пригожин ўзининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеода. 21 майга ўтар кечаси РФ мудофаа вазирлиги ҳам «Артемовск шаҳри озод этилгани» (Россия пропагандаси шаҳарнинг советча номланишини қўллайди) ҳақида хабар берди.























