Ўзбекистон | 10:41 / 22.05.2023
10182
3 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги можаро: қурилиш фирмасининг уч ходими 10 суткага қамалди

Тошкент шаҳар ИИББ жамоат тартибини бузган қурилиш фирмаси вакилларига маъмурий баённома расмийлаштирилганини, пойтахт ҳокимлиги эса аҳолининг розилигисиз ҳудудда қурилиш бўлмаслигини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Олдинроқ Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 8-мавзесида маҳалла ҳудудини янги қурилишдан ҳимоя қилмоқчи бўлган аҳоли ҳамда қурилиш фирмаси ишчилари ўртасида жанжал келиб чиққани хабар қилинганди.

Можаро 17 май куни содир бўлган: қурилиш фирмаси кўп қаватли уй қуриш мақсадида ҳудуддаги автотураргоҳни ўраб ола бошлаган, маҳалла аҳолиси эса бунга кескин қаршилик кўрсатган. Оқибатда фирма ишчилари ва аҳоли ўртасида зиддият келиб чиққан.

Ҳолатга Тошкент шаҳар ҳокимлиги изоҳ берди. Ҳокимлик агар аҳоли рози бўлмаса, ҳудудда қурилиш бўлмаслигини таъкидлаган.

“Ҳолат Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ваколатли давлат ташкилотлари томонидан манзилга чиқиб атрофлича ўрганилди. 

Аниқланишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 5 февралдаги 187-сонли қарори билан “FRANCHISING INVEST” МЧЖга Юнусобод тумани, 8-мавзе 17, 19 ва 20-уйлар оралиғидаги 1,23 гектардан иборат ер майдони мавжуд автотураргоҳни ўз ҳисобидан бузиш ва ўрнатилган тартибда етказилган зарарларни қоплаш ҳамда аҳолининг розилигини олиш шарти билан кўп қаватли бино қуриш учун ажратиб берилган. 

Гувоҳи бўлаётганингиздек, аҳоли розилигини олиш муҳим шарт сифатида белгиланган. Шунга кўра, қурувчи компания бу ҳудуддаги бунёдкорлик ишларини шу ҳудудда яшовчи аҳолининг розилиги билангина бошлаши мумкин.

19 май куни қурилиш ташкилоти Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан қурилишни аҳолининг розилигисиз бошламаслик, акс ҳолда лойиҳа ва лойиҳа олди ҳужжатлари бекор қилиниши хусусида расман огоҳлантирилди”, — дейилади ҳокимлик изоҳида.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, ҳудудда қурилиш бўлишига норозилик билдирган фуқароларга қарши 1991 йилда туғилган Ф.Ж., 1992 йилда туғилган С.Х., 1993 йилда туғилган Х.Н. бақир-чақир қилиб, жамоат тартибини бузишган. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди томонидан уларга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга оид