Туркия президентлиги учун «ОTA иттифоқи» партиялар блокидан номзод бўлган Синан Ўған президентлик сайловларининг иккинчи турида амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғанга овоз беришга чақирган. Бу ҳақда Hurriyet хабар бермоқда.
Ўған ўз қарорини ҳукмрон коалиция парламент учун сайловларда кўпчилик ўринга эга бўлгани билан изоҳлаган. Парламент ва президент битта алянс бошқарувида бўлиши муҳим», деган сиёсатчи.
У Қиличдорўғли етакчилигидаги «Миллий алянс» «20 йил мобайнида ҳокимиятда бўлган [Эрдўғаннинг] Халқ алянсини енга олмагани ва келажак учун ишонч тақдим эта олмагани»ни таъкидлаган.
Эрдўғаннинг иккинчи турдаги рақиби Камол Қиличдорўғли эса твиттердаги саҳифасида бу янгиликка шундай муносабат билдирган: «Ким бу гўзал ватанимизга хиёнат қилиш тарафдори экани аён бўлди. Биз бу мамлакатни терроризм ва қочқинлардан қутқарамиз. Бу референдум. Энди ҳеч ким ҳеч кимни алдай олмайди. Мен овоз беришга келмаган 8 миллион фуқароларимиз ва барча ёшларимизни [унга келишга] чақираман!»
Таҳлилчилар Ўғаннинг қўллови иккинчи турдаги номзодлардан бири учун муҳим аҳамиятга эга бўлишини қайд этишган. Эрдўған Ўғанга қўллов учун миннатдорчилик билдирди ва улар ўртасида қандайдир келишув бўлгани ҳақидаги хабарни рад этди. Аввалроқ Синан Ўған ўз қўллови эвазига янги маъмуриятда юқори лавозимни эгаллашни исташи ҳақида айтганди.
У шунингдек, мухолифат курдлардан воз кечган тақдирда уларга қўшилиши мумкинлигини айтганди.
Туркиядаги сайловларнинг биринчи тури 14 май куни бўлиб ўтганди. Амалдаги президент биринчи турда 49,51 фоиз овоз олиб, давлат раҳбарлигида қола олмаганди. Унинг асосий рақиби, мухолифатчиларнинг ягона номзоди Камол Қиличдорўғли 44,88 фоиз овоз олган. Синан Ўғанга сайловчиларнинг 5,17 фоизи – яъни 2,8 млн киши овоз берган.
Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи тури 28 май куни бўлиб ўтади. Туркия Олий сайлов кенгаши маълумотларига кўра, биринчи турда давомат 88,92 фоизни ташкил қилган.
Ражаб Эрдўған 2014 йилдан буён Туркия президенти ҳисобланади, ундан аввалроқ 2003 йилдан мамлакатни бош вазир сифатида бошқарган.

















