Жаҳон | 07:51 / 23.05.2023
5435
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Meta'га маълумотлар ҳимояси иши бўйича рекорд миқдорда жарима солди

Meta корпорацияси Европа Иттифоқи судининг Facebook фойдаланувчилари маълумотларини АҚШга ўтказишни тақиқловчи қарорига риоя қилмади, деб хабар берди DPC Ирландия идораси. Жарима 1,2 миллиард еврони ташкил этди.

Фото: Kun.uz

Американинг Facebook ижтимоий тармоғини ўз ичига олган Meta Platforms корпорацияси билан шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича можарода Европа Иттифоқи рекорд даражада жарима солишга қарор қилди. 22 май, душанба куни Ирландиянинг Маълумотларни ҳимоя қилиш комиссияси (DPC) фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига нотўғри муносабатда бўлганлиги сабабли компанияни 1,2 миллиард евро миқдорида жаримага тортиш қарорини эълон қилди. Баёнотда айтилишича, Европа Иттифоқи суди олдинги қарорига қарамай, Meta европалик фойдаланувчиларнинг “асосий ҳуқуқ ва эркинликлари учун хавфларни бартараф эта олмади” ва уларнинг маълумотларини АҚШга беришда давом этмоқда.

Бу Европада шу вақтгача солинган энг катта жарима бўлиб, Amazon’га 2021 йилда қўйилган аввалги максимал жарима - 746 миллион евродан сезиларли даражада ошиб кетди.

Ўз навбатида, Meta раҳбарияти "саноқсиз бошқа компаниялар учун хавфли прецедент" яратиб, "асоссиз ва кераксиз жазо" ҳақида эълон қилди ва бу қарор устидан шикоят қилиш ниятини билдирди.

Meta компаниясининг Европа штаб-квартираси Дублинда жойлашган, шунинг учун корпорациянинг Европа қонунчилигига мувофиқлиги Ирландия DPC зиммасига юкланади. 2020 йилдан бошлаб идора Facebook’да рўйхатдан ўтган европаликларнинг шахсий маълумотларини АҚШга бериш муаммоси билан шуғулланади. У корпорацияга бундай амалиётларни тўхтатиш учун беш ойлик муддат берди.

Мавзуга оид