Bloomberg: Венгрия Қатар билан газ сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда
Евроиттифоқнинг Россияга нисбатан санкциялари қабул қилинишини секинлаштираётган ва Россиядан энергия ташувчилар сотиб олаётган Венгрия Қатар билан газ шартномалари бўйича музокаралар олиб бормоқда, деб ёзади Bloomberg.
Евроиттифоқнинг Россияга қарши санкциялари қабул қилиниши ва Украинага ёрдам берилиши маъқулланишини секинлаштираётган Венгрия, энергетика соҳасида Россияга қарамликни камайтириш мақсадида Қатар билан газ сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Венгрия бош вазири Виктор Орбан музокаралар ҳақида Bloomberg'га 23 май, сешанба куни Қатар иқтисодий форуми доирасида берган интервюсида маълум қилди.
"Венгриянинг энергияга бўлган эҳтиёжининг ярми узоқ муддатли шартномалар бўйича Россиядан қопланади", деди Орбан. "Қолган ярми учун биз бошқа ҳамкорларни топишимиз керак. Бутун дунё бўйлаб ҳамкорларни қидирмоқдамиз ва Қатар биз учун потенциал ҳамкор", - дея қўшимча қилди у.
Форс кўрфазидаги бу давлат билан музокаралар ҳали ҳам давом этмоқда. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, етказиб бериш 2026 йилдан бошланади, деди Венгрия вазирлар маҳкамаси раҳбари.
ЕИ давлатлари Москванинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан сўнг Россия гази ва нефтига қарамликни камайтиришга киришган бир пайтда, Орбан Россия билан қўшимча битимлар тузди, деб ёзади нашр. Bloomberg апрел ойида Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийяртонинг Москвадаги учрашувларидан сўнг, келгуси қиш олдидан Венгрия, агар керак бўлса, мавжуд узоқ муддатли шартномага қўшимча равишда кўпроқ Россия табиий газидан фойдаланиши мумкин бўлиши ҳақида ёзган. Унга кўра, Будапештга қўшимча етказиб бериш асосан “Турк оқими” газ қувури орқали амалга оширилади.
Мавзуга оид
20:17 / 12.11.2024
Ғазодаги уруш: Қатар ўртадан чиқди, лекин ҲАМАС офисини ёпмайди
17:46 / 10.11.2024
Қатар Исроил ва Ҳамас ўртасидаги воситачиликни тўхтатди
16:16 / 08.11.2024
Тахтиқорача довонида тош босиб қолганларнинг икки нафари венгриялик бўлган
23:01 / 06.11.2024