Жаҳон | 14:36 / 27.05.2023
11036
2 дақиқада ўқилади

ISW: Россия Украина билан музокарага тайёрлиги бўйича сохта позициясини кўрсатяпти

Кремль Ғарбни Украинани Россия учун қулай шартлар асосида тинчлик музокараларига рози бўлишга кўндириш учун босим ўтказмоқда, дейди таҳлилчилар. 

Фото: ТАСС/БелТА/Максим Гучек

Украинанинг қарши ҳужуми олдидан Кремль Ғарбни Украинага ёрдам беришни тўхтатиб, уни ён беришга ва Москва учун қулай шартлар асосида тинчлик музокараларини бошлашга мажбур қилиш учун ахборот кампаниясини қайта бошлаши мумкин. Бундай баҳо Америка урушни ўрганиш институтининг (ISW) 27 май, шанба куни чоп этилган мунтазам таҳлилий шарҳида келтирилган. 

Муаллифлар Кремль матбуот хизматининг 26 май кунги баёнотидан иқтибос келтирмоқда, унга кўра Владимир Путин Бразилия президенти Луис Игнасиу Лула да Силва билан телефон суҳбатида «Россия томонининг сиёсий ва дипломатик йўлда мулоқотга очиқлигини» таъкидлаб, бу мулоқот «ҳалигача Киев ва унинг ғарбий ҳомийлари томонидан тўсиб қўйилганини» қўшимча қилган.

«Путиннинг баёноти Россиянинг Украина билан музокаралар олиб боришдан манфаатдор эканлигидан далолат бермайди, Кремль музокаралар учун жиддий асос яратмаган ва ўзининг максималистик мақсади – Украина ҳукуматининг таслим бўлишидан воз кечмаган», - дейди ISW таҳлилчилари. Хитой ҳукуматининг Евросиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэйнинг 26 май куни Москвага ташрифи фонида Россия расмийлари Украина билан музокараларга тайёр эканликлари ҳақидаги ёлғон баёнотларини кучайтиришга уринаётган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди институт. 

Уларнинг эслатишича, ўтган ҳафта Украина, Полша, Франция, Германия ва Бельгияга амалга оширилган Европа сафари чоғида Ли Европа Иттифоқи расмийларини Украинадаги урушни авж олишидан аввал тугатишга ёрдам беришга чақирган. Лининг саъй-ҳаракатлари Хитой Ғарбни Украинани ўт очишни тўхтатишга рози бўлишга ундашга уринаётганини кўрсатиши мумкин, дейди ISW таҳлилчилари. 

Мавзуга оид