Газ, нефт, кўмир – ишлаб чиқариш қандай ўзгарди?
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 4 ойида газ қазиб чиқариш камайган. Йил бошидан апрел охиригача 16,2 млн куб метр газ қазиб олинган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,5 фоизга кам.
Газ конденсати ишлаб чиқаришда ҳам пасайиш бўлган: январ–апрел ойларида 423 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқарилган, бу бир йил олдингига нисбатан 7,7 фоизга кам дегани. Кўмир билан ҳам ҳолат шундай, ишлаб чиқариш 7,4 фоизга камайган. Фақатгина нефтда бироз силжиш бор – ўтган йилнинг тўрт ойига нисбатан 4,3 фоиз кўпроқ – 258,5 минг тонна нефт ишлаб чиқарилди.
Айни пайтда, Ўзбекистон Хитойга газ экспортини давом эттираётгани маълум бўлди. Апрелда Ўзбекистон Хитойга 40,5 млн долларлик газ сотган. Ўзбекистондан Хитойга газ экспорти охирги марта ўтган йили декабрда рўй берганди.
Газ ва электр нархларини либераллаштириш дастури қабул қилинади
Ички бозорда эса газ ва электр нархларини либераллаштириш дастури сентябргача қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев маълум қилди.
“Ҳозирда ҳар бир корхона учун газ ва электр энергиясига битта тариф белгиланган. Шунинг учун биз уларни ажратиб, Ўзбекистондаги ҳар бир субъект, ҳар бир бизнес ва жамият қатламига алоҳида ёндашмоқчимиз”, деди вазир ўринбосари.
Ўтган йили 1 июлдан аҳоли учун базавий тарифларни 10 фоизга ошириб, табақалаштирилган тарифларга ўтиш режалаштирилган, лекин бу амалга ошмай қолганди. Тарифларни табақалаштириш – истеъмолчиларни тежашга мажбур қилиши билан бирга, нисбатан бадавлат ва энг кўп энергия сарфлайдиган аҳоли қатламига бюджетдан субсидия тўлашни қисқартириш имконини бериши кўзда тутилган.














