Германия: гегемоннинг қулаши рўй бермади

Боруссия Д – Майнц 2:2
Голлар: 0:1 – 15 Ханче-Олсен, 0:2 – 24 Онисиво, 1:2 – 69 Геррейру, 2:2 – 90+6 Зюле.
Боруссия Д – Кобел, Ҳуммелс, Зюле, Рюэрсон (Модест, 80), Геррейру, Жан, Брандт (Дюранвил, 62), Волф (Мукоко, 46), Мален (Рейна, 63), Аллер, Адейеми (Ройс, 40).
Майнц – Дамен, Каси, Белл, Ханче-Олсен, Фернандеш, Аарон Мартин, Кор, Ли Жэ Сон (Ингвартсен, 66), Баррейро, Штах (Баркок, 80), Онисиво (Мустафа, 90).

Кёлн – Бавария 1:2
Голлар: 0:1 – 8 Коман, 1:1 – 81, пеналти Любичич, 1:2 – 89 Мусиала.
Кёлн – Швэбе, Шмитц (Хусейнбашич, 62), Шабо, Хюберс, Хектор, Кайнц (Шиндлер, 62), Схири, Любичич (Педерсен, 82), Майна (Лемперле, 82), Мартел, Зелке (Тилманн, 62).
Бавария – Зоммер, Павар, Упамекано, де Лигт, Мазравий (Мусиала, 85), Киммиҳ, Гравенберҳ (Горетцка, 71; Тел, 85), Мюллер (Жоау Канселу, 62), Коман (Шупо-Мотинг, 71), Сане, Гнабри.

Бундеслиганинг сўнгги туридаги интрига ва «Бавария» таъқибчи ролида бўлиши — охирги марта қачон кузатилганди? «Биз етарлича кўп хатога йўл қўйдик ва ҳозирда шундай вазиятдамизки, бунда фақат ўзимизни айблашимиз мумкин», — деди Томас Тухел. Мюнхендаги фаолияти кўплаб саволлар туғдираётган мураббий жамоа ўзи ғалаба қозонишидан ташқари ташқаридан ҳам ёрдам керак бўлишини — Дортмундда ҳам, Кёлнда ҳам — ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Томаснинг сўзлари тўғри бўлиб чиқди. 8-дақиқада Коман тўпни рақиб дарвозасининг юқори бурчагига йўллади ва онлайн турнир жадвалида «Бавария»ни биринчи ўринга олиб чиқди. Кейин эса жамоага ташқаридан ҳам ёрдам бўла бошлади. Бир йил муқаддам 14 дақиқа ичидаги уч гол билан мюнхенликларни нокаут қилган (3:1), кейин эса қаторасига тўрт ўйинда ютқазган «Майнц» пойгадаги иккинчи фаворитга муаммолар туғдирди.

Меҳмонлар аввалига бурчак жарима зарбасидан ҳисобни очишди. Кейин — жарима майдони ичида Рафаэл Геррейруни йиқитишганида ва VAR бош ҳакамга мониторга келиб вазиятни текширишни тавсия қилганида — Аллернинг оёғи пеналти ижро этишда қалтиради. «Асаларилар» «Майнц»ни жарима майдонига қамаб қўйгандек туюлганида, рақиб қарши ҳужумга чиқди. «Боруссия»нинг икки марказий ҳимоячиси Онисивони дарвоза қаршисида бўш қолдиришди ва у осонлик билан тўпни дарвозага жойлаб, стадиондаги мухлислар устидан совуқ сув қуйди.

Эдин Терзич ёш жамоаси ҳеч қачон бундай босим остида ўйнаб кўрмаганидан келиб чиққан ҳолда, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан кўргандек эди. Шу туфайли 40 ёшли мутахассис ўйиндан олдинги матбуот анжуманида вазият жамоага ортиқча таъсир кўрсатмаслиги кераклиги, ҳеч қандай фавқулодда чоралар кўрилмаслиги, майдон ва тўп эса — бир ҳафта олдинги каби экани ҳақидаги оддий гапларни гапирди.