Жаҳон | 18:47 / 31.05.2023
8266
2 дақиқада ўқилади

Кашандалик йилига 8 млн кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда – ЖССТ

Олимларнинг қайд этишича, чекиш таъсири остида организмда 25 дан ортиқ касалликлар ривожланиши кучаяди.

31 май Халқаро чекишга қарши кураш куни сифатида 35 йилдан буён нишонланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эълон қилган ҳисоботга кўра, тамаки маҳсулотлари истеъмоли йилига 8 млн кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда. Хавотирли жиҳати, кўрсаткичлар йил сайин ошиб боряпти. Ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар орасида бу иллатга берилиб кетганларнинг кўпайиши янада ташвишли ҳолат.

«Никотин организмдаги метаболик жараёнга халақит берувчи, мия фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкоголь ҳамда бошқа психоактив моддалар каби одамни ўзига ўргатиб қўяди. Шу тарзда тамакига қарамлик шаклланади», деди Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари Мирзағолиб Тиллашайхов.

Олимларнинг қайд этишича, чекиш таъсири остида организмда 25 дан ортиқ касалликлар ривожланиши кучаяди. Хусусан, ўпка саратони ва миокард инфарктининг чекиш билан боғлиқлиги ҳақида илмий далиллар мавжуд.

Юрак-ишемик хасталиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ҳамда спиртли ичимликлар ичувчи одамлар ҳиссасига тўғри келади. Ҳар бир кашанда бу иллат туфайли ўз ҳаётини 18 йилга қисқартириши тадқиқ этилган.

Тамакининг заҳарли тутунидан умри завол топаётганларнинг 12 фоизи бундай маҳсулотларни истеъмол қилмайдиган кишилар, яъни пассив чекувчилардир. Улар орасида, таассуфки, болалар ҳам бор.

Ҳозирги кунда 120 дан ортиқ давлат тасарруфидаги 3 млн гектардан зиёд майдонда тамаки етиштириляпти. Ўз навбатида, дунёда 300 миллиондан кўпроқ одам озиқ-овқат тақчиллиги муаммосига ечим излаш билан овора. 

Мавзуга оид