Россия пойтахти Москва шаҳридаги турар жой бинолари 30 май тонгида дронлар ҳужумига учради. Дронлардан бири Профсоюзная кўчасидаги уйга, иккинчиси Новая Москвадаги Атласова кўчасидаги уйга урилган. Дрон Профсоюзная кўчасидаги 98-уйнинг юқори қаватига урилган, уй фасади вайрон бўлган ва ойналари синган, учта подъезд аҳолиси эвакуация қилинган. Атласова кўчасида учувчисиз учар қурилма келиб тушиши оқибатида ҳам уй фасади шикастланиб, юқори қаватларда деразалар синиб кетган.

Фавқулодда хизматлар Ленинский проспектидаги уйлардан бирига ҳам етиб келган, бу ерга ҳам дрон келиб тушгани тахмин қилинган. 112 манбаси хабар беришича, Ленинский проспектидаги уйга дрон қулаши оқибатида жабрланганлар бор, уларнинг сонига аниқлик киритилмоқда. Москва транспорт департаменти хабар қилишича, Удальцова кўчасининг Ленинский проспектидан Михаил Певцов кўчасигача бўлган қисми ёпиб қўйилган.

Москва мэри Сергей Собянин учувчисиз учар қурилмалар ҳужуми оқибатида шаҳарда бир неча бинода шикастланишлар қайд этилганини хабар қилиб, «ҳеч ким жиддий жароҳатланмагани»ни маълум қилган. «Шаҳарнинг барча фавқулодда хизматлари воқеа жойида. Улар ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда, — дея ёзган Собянин. — Сиздан фақат расмий манбаларга таяниш ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўрайман». Кейинроқ Собянин қўшимча хабар бериб, икки киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг иккисини ҳам шифохонага ётқизишга ҳожат бўлмаган ва уларга воқеа жойида зарур ёрдамлар кўрсатилган.

Москва области ҳудудида бир қанча дронлар уриб туширилган. «Дождь» хабарига кўра, Одинцово ва Красногорск районларида, шунингдек Новорижское ва Рублевское шосселари ҳудудларида портлаш овозлари эшитилган. Москва области губернатори Андрей Воробьевнинг хабар қилишича, Москвага учиб бораётган дронларнинг бир нечтаси уриб туширилган. «Бугун тонгда Москва областининг айрим районлари аҳолиси портлашлар овозини эшитган бўлиши мумкин — бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз ишламоқда. Москвага учаётган бир қанча учувчисиз учиш қурилмалари уриб туширилди. Аҳолидан хотиржамликни сақлашни сўрайман», — дея ёзган Воробьев.