Шимолий Корея айғоқчи сунъий йўлдош ҳақида эълон қилганидан сўнг ракета учирди
Шимолий Корея эҳтимолий ракета ташувчини учирди, деб хабар берди Жанубий Корея ҳарбийлари. Аввалроқ Пхенян разведка сунъий йўлдошини учириш режаси ҳақида маълум қилганди. Япония ўз ҳудудига таҳдид соладиган ҳар қандай ракетани уриб туширишга ваъда берди.
31 май, чоршанба куни эрталаб Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасининг маълум қилишича, Шимолий Корея жанубга қараб “ракета ташувчи” деб аталадиган ракетани учирди. Агентлик баёнотидан иқтибос AFP томонидан келтирилди.
Шу муносабат билан Сеулда ҳаво тревогаси эълон қилинди, Жанубий Корея пойтахти аҳолисидан эвакуацияга тайёр туриш ва биринчи навбатда “болалар ва қарияларни хавфсиз жойларга етказиш” сўралган. Бироз вақт ўтгач, мамлакат Ички ишлар вазирлиги шаҳар ҳокимияти томонидан юборилган огоҳлантириш "нотўғри тузилган"лигини билдирди.
31 май куни эрталаб Япония жанубида ҳам ҳаво тревогаси эълон қилинди. "Шимолий Корея баллистик ракета учиргани тахмин қилинмоқда. У Окинава префектураси ҳудудига тушиши мумкин. Илтимос, бинолар ичида ёки ер остидаги хавфсиз паноҳларга ўтинг", - дея Япония миллий туризм ташкилоти томонидан огоҳлантириш эълон қилинган. У, жумладан, бош вазирнинг расмий Twitter-аккаунтида ҳам жойлаштирилди.
Маҳаллий вақт билан соат 07:05да (Тошкент вақти билан 03:05) Япония қирғоқни қўриқлаш хизмати: "Шимолий Корея томонидан учирилган баллистик ракета тушиб кетганга ўхшайди”, деб хабар берди. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.
Мавзуга оид
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
12:00 / 30.10.2024
АҚШ Давлат департаменти Данияга "ҳаво-ҳаво" ракеталарини сотишни маъқуллади
20:15 / 27.10.2024
Украинага қарши жангга ташланган КХДР аскарлари: экспертлар қандай фикрда?
15:07 / 25.10.2024