Ўзбекистон | 11:01 / 01.06.2023
17061
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Шимолий Кореянинг космик ракета учирганидан хавотир билдирди

Ўзбекистон ТИВ Шимолий Кореянинг космик ракета учирганидан хавотир билдирди. Қайд этилишича, Ушбу ҳолат Корея яриморолидаги кескинликнинг янада кучайишига олиб келади.

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 31 май куни Шимолий Корея томонидан ташувчи космик ракета учирилганидан хавотир билдиради. Ушбу ҳолат Корея яриморолидаги кескинликнинг янада кучайишига олиб келади”, дейилади баёнотда.

Билдирилишича, Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ оммавий қирғин қуролларининг барча турларини синовдан ўтказишдан бош тортилиши тарафдоридир.

“Ўзбекистон томони бундан кейин ҳам умумий фаровонлик ва тараққиёт йўлида Корея яриморолида хавфсизликни таъминлаш бўйича фаол қадамларни қатъий қўллаб-қувватлайди”, — дейилади ТИВ хабарида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Шимолий Корея томонидан ҳарбий сунъий йўлдош учирилган бўлиши мумкинлигини кескин қоралади. Гутерриш матбуот котиби Стефан Дюжаррик 31 май, чоршанба куни маълум қилишича, баллистик ракета технологиясидан фойдаланган ҳолда ҳар қандай учириш БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузади.

Айни вақтда, Япония Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон ва Сеул билан Корея яриморолида тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича уч томонлама телефон орқали музокаралар ўтказишини маълум қилди. 

Аввалроқ Сеул КХДР жануб томон объект учиргани, Пхенянда уни “ракета ташувчи” деб атагани ҳақида хабар берган эди. Шу муносабат билан Жанубий Корея пойтахтида ҳаво тревогаси эълон қилинди, аҳолидан эвакуацияга тайёр туриш ва биринчи навбатда “болалар ва қарияларни хавфсиз жойларга етказиш” сўралди. Бироз вақт ўтгач, мамлакат Ички ишлар вазирлиги шаҳар ҳокимияти томонидан юборилган огоҳлантириш “нотўғри тузилган”лигини билдирди. 

Мавзуга оид