Жаҳон | 10:13 / 02.06.2023
4224
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сенати дефолт таҳдидини бартараф қилувчи қонун лойиҳасини маъқуллади

Сенат АҚШ давлат қарзининг чегараси тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади, энди у имзолаш учун президент Жо Байденга юборилади. АҚШ молия вазири Жанет Йеллен 5 июндан кейинги дефолт хавфи ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳужжатни 63 сенатор қўллаб-қувватлади, 36 нафари қарши овоз берди.

Фото: Reuters

АҚШ Сенати дефолтнинг олдини оладиган қарз чегарасини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаш учун 36 овозга қарши 63 овоз берди, деб хабар қилмоқда CNN. Қонун мамлакатнинг давлат қарзи чегарасини 2025 йил 1 январгача тўхтатиб қўяди, энди уни президент Жо Байден имзолаши қолди. 

Бир кун олдин қонун лойиҳаси Конгресс Вакиллар палатаси томонидан маъқулланганди, бу ерда республикачилар кўпчиликни назорат қилади. Президент Жо Байден Конгресснинг саъй-ҳаракатларини олқишлади ва уни имзолашни интиқлик билан кутаётганини айтди. Байден 2 июнь, жума куни кечқурун америкаликларга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. 

Сенатдаги озчилик республикачилар етакчиси Митч Макконнелл Конгресс томонидан маъқулланган қонун лойиҳасини «молиявий ақл-идрок йўлидаги муҳим қадам» деб атади. Қонун 2025 йилнинг 1 январигача федерал ҳукуматдан қарз олиш бўйича чегарани (чекловни) тўхтатиб қўяди, яъни бу масала 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган навбатдаги президентлик сайловларигача қолдирилади. Бу келгуси икки йил ичида давлат харажатларининг бир қисмини чеклайди, баъзи энергия лойиҳаларини тасдиқлаш жараёнини тезлаштиради, фойдаланилмаган COVID-19 билан кураш маблағларини бюджетга қайтаради ва озиқ-овқат ёрдами олувчиларга қўйиладиган талабларни кенгайтиради. 

Қонун лойиҳаси Солиқ хизматидан молиялаштиришнинг бир қисмини олиб ташлайди, гарчи Оқ уй солиқ қонунчилигига путур етказилмаслиги кераклигини билдиряпти. 30 май, сешанба куни кечки пайт Конгресснинг Бюджет бошқармаси қонун лойиҳаси ўн йил давомида 1,5 триллион доллар тежалишига олиб келишини айтди. Бу республикачилар умид қилган 4,8 триллион доллардан паст. Аммо рақам Байден янги солиқлар орқали қоплашни режалаштирган 3 триллион долларлик камомаддан ҳам паст.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид