Фан-техника | 17:56 / 05.06.2023
77275
2 дақиқада ўқилади

261 от кучи, 21,5 минг доллардан бошланувчи нарх — Chery Tiggo 9 Хитойда сотувга чиқди

Фото: Chery

Chery компанияси ўзининг флагман кроссовери Tiggо 9 ни Хитой бозори учун сотувга чиқарди. Ишлаб чиқарувчи 30 май куни янги модель тақдимотини ўтказганди.

Tiggo 9 5 хил комплектацияда харидорларга таклиф этилади. Нархлар эса автомобилнинг ички ва ташқи жиҳозланишига қараб 21 500 доллардан 28 800 долларгача белгиланган.

Харидорлар хоҳишларига кўра, 5 ёки 7 ўриндиқли комплектацияни танлаши мумкин. Tiggo 9 Хитой бозорида Geely Xingyue L, Hongqi HS5 вa GAC Trumpchi GS8’га тўғридан тўғри рақобатчи бўлиши кутилмоқда.

Tiggo 9 янги Chery T2X Mars архитектураси асосида ишлаб чиқарилади. Автомобиль 20 дюймлик қуйма дисклар билан жиҳозланган. Салон қисмида иккита 12,3 дюймлик экран ва Qualcomm Snapdragon 8155 бир чипли тизими ўрнатилган. Мобил телефонларни симсиз қувватлаш функциясига эга.

Шунингдек, топ комплектацияда проекцияли дисплей, рулни иситиш, ҳайдовчининг чарчаганини мониторинг қилиш функциялари ва 12 та карнайдан иборат Sony аудиотизими мавжуд. Бундан ташқари, автоматик круиз назорати ва автоматик парковка тизими функцияларига ҳам эга. Ўриндиқлар теридан тикилган, иситиш ва совитиш имконияти мавжуд.

Tiggo 9 2 литр ҳажмга эга 261 от кучини берадиган турбодвигател билан жиҳозланган, у комплектациясига қараб, мос равишда 7 ва 8 босқичли автомат узатмалар қутиси билан бирга ишлайди. Машинанинг максимал тезлиги соатига 205 кмни ташкил қилади. Аралаш циклда  (шаҳар/трасса) 100 кмга 7,7 литр бензин сарфлайди.

Машинанинг узунлиги 4820 мм, эни 1930 мм, бўйи эса 1699 мм, ғилдираклар базаси бўлса 2820 ммни ташкил этади.

Мавзуга оид