Украина президенти девони раҳбарларининг кўпчилиги ҳақида у ўз бошлиғидан ҳам кўпроқ ваколатга эга деб гапиришган. Аммо фақат ҳозирги девон раҳбарини «вице-президент» деб аташади. У ҳам аввалги ҳамкасблари каби катта лавозимга эга бўлгани учун кўплаб можароларга аралашишга улгурди. Бу салобатли инсон мисолида жуда зиддиятли шахс мужассам бўлган: бир қарашда у «кулранг кардинал»га ўхшаса, бошқа томондан, фронтдаги воқеаларга Telegram-каналида эмодзилар билан муносабат билдириб, вазиятга жуда енгил қараётгандек таассурот қолдиради.

Володимир Зеленский ўз девони раҳбари ҳақида гапирганда, уни «кучли менежер», «ҳақиқий ватанпарвар» деб атайди, аммо у ҳақда гапирганда жуда кўп «ишонаман» деган сўзни ишлатади. Хўш, Зеленский администрацияси раҳбари Андрей Ермак ким ўзи?

Кинодан сиёсатга

Андрей Ермак 51 ёшда. У ҳам худди Зеленский каби сиёсатга янги кириб келганлардан. «Ҳукуматга кўп марта депутат, вазир лавозимларида кириш имконига эга бўлиб, ҳар сафар рад этганман», деганди Ермак интервюларидан бирида.

Фото: OFFICE OF THE PRESIDENT OF UKRAINE

Киев халқаро алоқалар институти битирувчиси бўлмиш Ермак 2019 йилгача ҳуқуқий фаолият билан шуғулланган. У ишлаётган корхонанинг асосий мижозлари йирик телеканаллар ва халқаро компаниялар эди. Масалан, Disney, Pixar ва Universal каби. Сиёсатга ўтишидан аввал Ермак бир неча филмларга продюсерлик ҳам қилган.

Бу соҳадаги фаолияти унинг келажагига жиддий таъсир кўрсатди. Фаолияти давомида кўплаб америкалик актёрлар билан танишган Ермак бу алоқаларидан келажакда ҳам фойдаланди. Унинг ҳаётидаги муҳим ўзгаришлардан бири эса Украинадаги йирик телеканаллардан бири – «Интер» бош продюсери билан танишгани бўлди. Бу продюсер – Володимир Зеленский эди.

Уларнинг танишувидан анча вақт ўтгач Зеленский Ермак ҳақида эслар экан, у аввалига босиб олинган ҳудудлар масаласи бўйича бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаши керак бўлганини айтади. Яъни бу лавозимда у Россия билан асирлар алмашиш жараёнида музокарага киришиши кўзда тутилганди. Кейинчалик ҳукуматдаги лавозими Ермакка Россия билан алоқада бўлишни қийинлаштиради деган қарорга келишди ва у Зеленскийнинг ёрдамчиси лавозимини эгаллади.

Ермак бир қарашда кичик мансабда бўлган ўша вақтда ҳам мамлакат ташқи сиёсати борасидаги кўп ишларни бажарарди. Баъзан унинг ҳаракатлари самара бериб, «порошенкочи бўлган» бир неча элчини алмаштиришга эришади. Баъзан эса норасмий дипломатик фаолияти муваффақиятсизликка учрайди.