АҚШ Украинанинг «Шимолий оқим»га ҳужум қилиш режалари ҳақида бир йил олдин билган - WP
Диверсиядан уч ой олдин Оқ уй иттифоқчидан Киев «Шимолий оқим»га ҳужумга тайёрланаётгани ҳақида маълумот олди. Операция Залужнийнинг бевосита назорати остида тайёрланган, деб хабар берди WP.
«Шимолий оқим»даги диверсиядан уч ой олдин АҚШ президенти маъмурияти европалик иттифоқчидан Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг бевосита назорати остида Украина ҳарбийлари газ қувурларига ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида маълумот олган, деб хабар берди The Washington Post (WP) 6 июнь, сешанба куни Пентагоннинг йирик миқёсда сизиб чиққан ҳужжатларига таяниб.
Ушбу ҳужжатларга кўра, «Шимолий оқим»га ҳужум Вашингтонга маълум бўлган вақтда содир бўлмаган, аммо кейинчалик қайд этилган портлашлар ўз вақтида кузатилган. Ҳужум режасининг тафсилотлари Европа давлатларидан бирининг разведка хизмати томонидан тўпланган ва бир йил аввал Марказий разведка бошқармасига топширилган. Марказий разведка бошқармаси ҳужжатни Германия ва бошқа Европа иттифоқчилари билан бўлишган. Разведка ҳисоботи Украинадаги манбадан олинган маълумотларга асосланган. Унда расмий Киевни «Шимолий оқим» ҳужумига боғлаши мумкин бўлган энг аниқ далиллар мавжуд.
Хабарда айтилишича, операцияга Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний бошчилик қилиши керак эди. Украина президенти Володимир Зеленский у ҳақда билмаган, бу эса, нашрга кўра, Ғарбда ғазабга сабаб бўлиши ва Украинани қўллаб-қувватлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳужумга Киевнинг алоқадорлигини асосли равишда рад этишга имкон берган. Бу, айниқса, урушдан олдин табиий газнинг ярмини Россиядан олган ва узоқ вақт давомида «Шимолий оқим» лойиҳасини ҳимоя қилган Германияга тегишли эди.
WP маълумотларига кўра, амалиёт Ғарб давлатларининг 2022 йил июнь ойида Болтиқ денгизида бўлиб ўтган йирик ҳарбий-денгиз машғулотларидан сўнг дарҳол амалга оширилиши режалаштирилган эди. Ўша пайтда Ғарб разведкаси ишонган украиналик манбага кўра, сохта паспортга эга олти Украина махсус кучлари вакили манзилига етиб бориш учун яхтани ижарага олиб, кейин шўнғиш ускуналари билан газ қувури тубига етиб бориб, уни миналаб қўйиши керак эди. Аммо якунда ноаниқ сабабларга кўра операция сентябр ойигача «тўхтатилди».
Мавзуга оид
15:13
Блинкен: Украина курашиш ёки музокара ўтказиш ҳақида бир қарорга келиши керак
11:41
Россия ва Украина ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадини алмашди
08:38
FT: Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди
23:32 / 20.12.2024