Чилонзор ИИБдаги тергов давомида вафот этган 21 ёшли йигитнинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Жиноят иши доирасида Ҳафизуллоҳ Турғуновнинг вафот этишида туман ИИО ФМБ мансабдор шахслари ҳаракатларида жиноят аломатлари борлигига аниқлик киритилади.
Чилонзор туман ИИБда тергов қилинаётган 21 ёшли йигит 4-қаватдаги ҳожатхона деразасидан ўзини ташлаб, олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этгани айтилганди. Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг хабар беришича, терговга қадар текширув ҳужжатлари билан танишиб чиққан Чилонзор тумани прокурори ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Терговга қадар текширув ҳужжатларида қайд этилишича, 21 май куни “Эркин” ЙПХ назорат пунктидан ўтаётган машина йўловчиларидан бирининг ёнидан тўқ жигаррангдаги мумсимон модда топилгани, судга оид криминалистик экспертизада ушбу модда гашиш гиёҳвандлик моддаси экани аниқлангани, шундан сўнг Чилонзор туман ИИБнинг вақтинча сақлаш хонасида сақлаб турилган 21 яшар йигит туман ИИБ ФМБ ЖҚБ гиёҳвандликка қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили Б.Жўраевнинг хизмат хонасига олиб чиқилади.
Ҳужжатда тезкор вакиллар Б.Жўраев, Ш.Ҳамидов, Х.Аҳмедовлар уни сўроқ қилаётган пайтда гумонланувчи ҳожатхонага олиб боришларини сўрайди. Б.Жўраев уни ҳожатхонага олиб боргани, шунда йигит ҳожатхона деразасидан бино ёнидаги бир қаватли ошхона томига сакрагани, томдан боши билан ерга қулаб, жиддий жароҳат олгани, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, 29 май куни унинг жони узилгани таъкидланади.
Ҳафизуллоҳ Турғуновнинг вафот этишида туман ИИО ФМБ мансабдор шахсларининг ҳаракатларида ҳокимият ҳаракатсизлиги, яъни давлат органи мансабдор шахсининг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармаслиги оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларига жиддий зиён етказилиши, бунда жиноят аломатлари борлигини текшириш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун гувоҳларни сўроқ қилиш, юзлаштириш, уларнинг кўрсатмаларини воқеа жойида текшириш мақсадида 9 июнь куни туман прокурори ташаббуси билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари Чилонзор тумани прокуратураси терговчисига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, терговга жалб этилган фуқаронинг ўлими жамоатчилик ўртасида резонансга сабаб бўлган, марҳумнинг яқинлари расмий баёнотдаги тафсилотларга ишонмаган, ҳолат акс этган видеони кўрсатишни талаб қилишганди. Шифокорлар Kun.uz мухбири билан суҳбат чоғида Ҳафизуллоҳ Турғунов шифохонага олиб келинганида унда йиқилиш аломатлари бўлмаганини айтишганди.
Жамоатчилик босими остида ИИВ ҳолат бўйича янги тафсилотларни очиқлаган, жумладан, Ҳафизуллоҳ Турғуновнинг қўлга олиниши ва ИИБ биноси 4-қаватидан ўзини ташлаши дея иддао қилинган видеони эълон қилганди. Бироқ Тошкент шаҳар ИИББ ходими ўтказган "журналистик суриштирув" саволларни кўпайтирганди холос.
Мавзуга оид
11:28 / 26.10.2024
Комил Алламжоновга суиқасд бўйича жиноят иши қўзғатилди
20:56 / 20.10.2024
9 ойда иш ҳақи ва нафақа пулларидан 5,2 млрд сўм талон-торож қилингани маълум қилинди
13:34 / 13.10.2024
Андижонда собиқ хотинининг уятли суратларини интернетда тарқатган эркакка жиноят иши қўзғатилди
22:40 / 26.09.2024