16:28 / 14.06.2023
10914

Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони сезиларли ошди

Ўтган ойда пойтахтга янги автобуслар олиб келиниб, қатнов интервали қисқарган, автобуслар салонидаги тиқилинчлар камайган эди. Маълум бўлишича, бунинг натижасида йўловчилар сони анча ошган: май ойида автобуслар кунига ўртача 782 мингдан ортиқ йўловчи ташиган. Бу – ўтган йилнинг май ойига нисбатан 63 фоизга кўп.

Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати

Тошкентда янги катта ва ўта катта сиғимли автобус ва электробуслар ҳаракатланишни бошлагани сабаб жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони ошди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати «Тошшаҳартрансхизмат» компаниясига таяниб хабар бермоқда.

Май ойида пойтахт автобуслари кунига ўртача 782 мингдан ортиқ йўловчини ташиган. Бу эса ўтган йилнинг шу ойидаги миқдор билан солиштирганда 63 фоизга кўп — ўтган йил май ойида 478 минг йўловчи ташилганди.

Йўналишларга 1330 та кунлик автобус чиқарилган ёки 2022 йил май ойига нисбатан 40 фоизга кўпайган — 806 та.

Кунлик қатновлар ўтган йилнинг май ойида амалга оширилган 10 минг 424 тадан 60 фоизга ортиб, 16 минг 741 тага етган.

  • Маълумот учун, 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига асосан, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 дона 18 метрли ва 500 дона 12 метрли табиий газда ишлайдиган автобуслар ҳамда 300 дона 12 метрли электробуслар харид қилиш белгиланган.
  • Пойтахт автобус парки 20 апрелдан Хитойда ишлаб чиқарилган янги автобуслар билан тўлдирила бошланди. Шу куни йўналишларга 400 та автобус чиқарилган. Улардан 114 таси узунлиги 18 метрли гармошкали автобуслар, 169 таси электробус, 117 таси газда ҳаракатланувчи автобуслар эди.
Top