2023 йил 15 июнь куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси раҳбарияти Чехиянинг LET Aircraft Industries концерни билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Шартнома доирасида LET L-410 турбовинтли самолётлар сотиб олинади. Улардан кичик гуруҳ йўловчиларини ташиш, ички йўналишларда рейслар сонини кўпайтириш, шунингдек, ички туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланилади.

Ушбу ҳаво кемаларини қисқа учиш-қўниш йўлакларида қўллаш ва Зарафшон, Шаҳрисабз, Андижон каби йўналишлар тармоғини кенгайтириш режалаштирилган.
LET L-410 «Турболёт» - маҳаллий авиакомпаниялар учун мўлжалланган, енгил, кўп мақсадли икки двигателли самолёт бўлиб, 1966-1967 йилларда Чехословакиянинг Let Kunovice авиация заводи конструкторлик бюроси (ҳозир Чехиянинг Aircraft Industries заводи) томонидан ишлаб чиқилган.
Самолёт тайёрланмаган асфальтланмаган, ўтлоқли йўлакларда, қорли ҳудудларда, шунингдек, қисқа учиш-қўниш йўлаклари бўлган аэродромлардан учиш учун мўлжалланган. 19 йўловчи ёки 1,8 тонна юкни 1500 км масофага ташишга қодир.

















