Сиёсатчининг ўзи бундай машҳурликка эришишни хоҳламаганди. Доим одамлар чиндан яхши кўрадиган губернатор бўлишни орзу қилган Гладков бугун орзуларини чеккага суриб қўйиб, уруш ўртасига тушиб қолди. У ҳозир областни ободонлаштириш ҳақида эмас, «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин билан можарони ҳал қилиш, шунингдек, Путиннинг унга нисбатан специфик муносабати ҳақида бош қотиришга мажбур.

«Медуза» махсус мухбири Андрей Перцев Россиянинг энг машҳур губернатори Вячеслав Гладковнинг фаолиятига назар ташлади.

Чегарадаги қишлоқ

Новая Таволжанка – Украина чегарасига энг яқин жойлашган 5 минг киши яшайдиган қишлоқ. У охирги вақтларда урушнинг энг қайноқ нуқталаридан бирига айланди. 5 июн куни маҳаллий раҳбарият бир муддат қишлоқ устидан назорат қўлдан берилганини амалда тан олди. Гладков тушунтириш бермаган ҳолда бу қишлоққа кира олишмаётганини айтди.

Ўша вақтда Новая Таволжанкани Украина томонида туриб жанг қилаётган «Россия кўнгиллилар корпуси» жангчилари қўлга олганди. Улар қишлоқни эгаллаши билан Гладковни учрашувга чақириб, агар қўрқмай борадиган бўлса, унга асирларни топширишларини айтишди.

Гладков бу чақирувга тезда жавоб қайтарди. «Гўёки асирларни топшириш мақсадида мен билан учрашишни сўраган пасткаш, қотил ва фашистларнинг мурожаатини кўрдим. Бизнинг йигитлар уларнинг қўлида ва катта эҳтимол уларни ўлдиришган. Аммо улар тирик бўлса, [учрашишни] таклиф қиламан. Соат 17 дан 18 гача «Шебекино» автомобил ўтказиш пунктида. Хавфсизликни кафолатлайман», деди Белгород губернатори.

Шебекино шаҳри Новая Таволжанкадан бир неча километр масофада бўлиб, охирги вақтларда тез-тез ўққа тутилмоқда.

Шебекинода зарбага учраган ётоқхона биноси. Фото: Богдан Соболев / ТАСС

Гладков ва «Россия кўнгиллилар корпуси» вакиллари ўртасида учрашув ўтказилмади. Корпус вакиллари асир олинган россиялик ҳарбийлар алмашув рўйхатига киритилиши учун Киевга юборилишини айтди. Белгород раҳбарияти эса 6 июн куни «ҳудудда душман йўқ экани» ҳақида хабар бериб, аслида нима бўлганини ошкор қилмади.

«Медуза»нинг Кремлга яқин манбасига кўра, Гладков Украина томонида туриб урушаётган россияликлар билан учрашувга боришга тайёр бўлган, лекин бунга Россия президенти администрацияси вакиллари розилик бермаган. Улар гўёки украинпараст кучлар билан учрашиш Россиянинг обрўсига тўғри келмаслигини айтишган.