Ўзбекистон | 12:52 / 20.06.2023
9943
4 дақиқада ўқилади

“Ўрта Осиё Транс” АЖдаги давлат улуши сотилди

“Ўрта Осиё Транс” акциядорлик жамияти 65 млрд сўмга хусусийлаштирилди. Харидор – “Hyper Partners” МЧЖ.

Фото: UzAssets / Ziynat Design

“Ўрта Осиё Транс” АЖ устав капиталидаги 51 фоиз давлат акциялар пакети 65 млрд сўмга “Hyper Partners” МЧЖ ХКга сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, хорижий ва маҳаллий инвесторлардан акциялар пакетини сотиб олиш бўйича 3та мажбуриятга эга бўлмаган (NBO) таклифлар келиб тушган. Консултант тавсиясига асосан 2та талабгор хусусийлаштириш жараёнининг мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) қабул қилиш босқичига ўтказилган.

Шунга кўра, келиб тушган мажбуриятга эга бўлган таклифларнинг (BO) белгиланган малака мезонларига мувофиқлиги, минтақадаги иш фаолияти, битимни ёпиш шартлари ва корхонанинг баҳоланган қийматидан юқорилиги бўйича энг яхши харид қийматини тақдим этган “Hyper Partners” МЧЖ савдо натижалари бўйича ғолиб деб топилган. 

“Хусусийлаштириш бўйича консултант сифатида жалб қилинган Merritz халқаро компаниясининг 2023 йил 7 июндаги хатига мувофиқ, “Hyper Partners” МЧЖ ХК ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги тўғрисида тегишли хулоса тақдим этилган”, дейилади Давактив хабарида.

“Hyper Partners”га келгусида корхонанинг фаолиятини сақлаш, шу билан биргаликда Европа, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари орқали ҳаракатланувчи транспорт логистика фаолиятини ташкил этиш, ривожлантириш ва кенгайтириш, жамиятга тегишли ер майдонида янги замонавий божхона терминали ҳамда кўп қаватли автотураргоҳ қуриш мажбурияти юклатилган.

“Hyper Partners” МЧЖ ҳақида 

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, харидор “Hyper Partners” МЧЖ 2018 йил 19 июлда Тошкентда рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 194 млрд сўм. Фаолият йўналиши – ишлаб чиқариш мақсадларига мўлжалланган ёки мўлжалланмаган яшашга яроқсиз кўчмас мулкни бошқариш. Компаниянинг 100 фоизлик улуши “Hyper Partners GMBH”га тегишли бўлиб, Германияда рўйхатдан ўтган. Раҳбари сифатида Усмонов Бобирбек Собирович кўрсатилган.

“Hyper Partners”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида келтирилишича, компания бир қатор йирик лойиҳалар – Tashkent City Mall савдо мажмуаси, “Жиззах цемент”, Istanbul City қурилишида ҳам иштирок этмоқда.

“Ўрта Осиё Транс” АЖ ҳақида

“Ўрта Осиё Транс” транспорт корхонаси 1992 йилда ташкил этилган, кейинчалик 1995 йилда давлат акциядорлик компанияси ва 1998 йилда “Ўрта Осиё Транс” АЖ сифатида қайта ташкил этилган.

Корхона юк автомобиллари билан экспорт-импорт, транзит ва республика ичидаги юкларни (асосан пахтадан тайёр маҳсулотлар, озиқ-овқат, ускуналар, қурилиш материаллари, қоғоз, текстил ва трикотаж маҳсулотлари ва ҳ.к) ташишни ташкил этиш ишларини амалга оширади. Устав капитали –  1,484 млрд сўм.

Мавзуга оид