Ўзбекистон | 12:04 / 22.06.2023
3357
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси ва Тадбиркорлик жамғармаси судга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод этилади

Сенат қирқ иккинчи ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Фото: Senat.uz

Қонун билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божини тўлашдан озод этиш назарда тутилмоқда.

Амалдаги «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 8-, 9- ва 10-моддаларида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари – ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорларига нисбатан бериладиган шикоятлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат божини тўлашдан озод қилинмаган деган важлар билан юқори инстанция судлари томонидан қайтарилиши ҳолатлари юзага келмоқда.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар ва маъмурий судларга даъво ариза, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилинганда давлат божидан озод қилиниши назарда тутилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид