Европанинг кўплаб клублари камтарона ҳаёт тарзини давом эттираётган маҳалда, Англияда шов-шувли трансферларни амалга оширишда давом этишмоқда. Кўплаб келишувлар рўй бериб бўлди. Масалан, «Челси» «РБ Лейпциг» ҳужумчиси Кристофер Нкунку трансферини эълон қилди. «Ливерпул» «Брайтон»дан аргентиналик ҳавбек Алексис Мак Аллистерни сотиб олди. Жеймс Милнер эркин агент мақомида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланди. «Астон Вилла» «Лестер» билан шартномаси муддати тугаган Юри Тилемансни ўз сафига қўшиб олди.
Ёзнинг катта қисми ҳали олдинда ва катта эҳтимол билан яна кўплаб катта трансферлар амалга оширилади. Инсайдерлар (жумладан Фабрицио Романо ва Дэвид Орнштейн) маълумотига кўра, кейинги беш йирик трансфер АПЛнинг ички бозорида амалга оширилади. Ўз ўзидан аксар ҳолатлар «Челси» ўз футболчиларини сотиши билан боғлиқ, чунки бу клубда футболчилар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган (қолаверса, лондонликлар янги харидларни амалга оширишда давом этмоқда).
Матео Ковачич, 29 ёш
«Челси» → «Манчестер Сити»

Хорватиялик яримҳимоячи «Челси»да беш мавсум ўтказди, аммо энди клубда сотув даври бошланди. Янгиланаётган жамоада Ковачич кетиши керак бўлган футболчилар қаторида. Қолаверса, унинг шартномаси кейинги йил ёзида тугайди ва клуб уни бу йил 30-35 млн фунтга сотиб қолиш имкониятидан фойдаланиши керак. Катта эҳтимол билан Матео «Сити»га ўтади, клуб ва ҳавбек икки ҳафта олдинроқ келишувга эришгани айтилмоқда.
Хабарларга кўра, клублар ўртасида ҳам барча масала ҳал бўлган ва футболчи тиббий кўрикдан ўтса бас. «Сити» айнан майдон марказини кучайтиришга эҳтиёж сезмоқда, ўтган мавсумда бу жойда Родри, Илкай Гундўған ва Кевин Де Брюйне деярли ротациясиз ўйнади. Бернарду Силва ҳам бор, аммо у кўпинча ҳужум учлигида ҳаракатланади. Бу позицияга футболчилар етарли эмаслиги туфайли марказий ҳимоячи Жон Стоунз ҳам таянч яримҳимоясига чиқиб ўйнашига тўғри келди. Гундўғаннинг шартномаси якунланиб, «Барселона»га йўл олаётгани туфайли бу зонага яна бир футболчи олиб келиш шунчаки зарурият.
Мэйсон Маунт, 24 ёш
«Челси» → «Манчестер Юнайтед»





















