Жаҳон | 14:08 / 23.06.2023
10415
2 дақиқада ўқилади

«Нафтогаз» Америка судига Россияга қарши 5 млрд долларлик даъво билан мурожаат қилди 

Украина компанияси Ҳаагадаги арбитраж томонидан унга берилган компенсацияни тўлашни талаб қилмоқда. Россияга қарши даъво Колумбия округида тақдим этилган.

Фото: Нафтогаз

Украинанинг «Нафтогаз» давлат нефть компанияси аннексия қилинган Қримдаги активлари учун 5 миллиард доллар товон пули талаб қилиб, Россияга қарши АҚШ судига даъво аризаси билан мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги 23 июнь, жума куни.

Даъво Колумбия округидаги судга берилган. «Нафтогаз»га кўра, у Америка судига мурожаат қилган, чунки АҚШ Россия активларини жойлаштирган давлатлардан бири ҳисобланади. Гап Ҳаага арбитраж суди томонидан апрель ойида Украина компаниясига Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги «Нафтогаз» активлари ноқонуний экспроприацияси учун берилган компенсация ҳақида бормоқда. 

Украина компанияси, агар Россия ҳукумати арбитраж қарорини ихтиёрий равишда ижро этишдан бош тортса, 1958 йилдаги Нью-Йорк конвенциясига кўра, «Нафтогаз» суд қарорини ижро этиш жараёнини Россия активлари жойлашган мамлакатларда бошлаш ҳуқуқига эга эканини билдирди. 

«Нафтогаз» Қримда жойлашган ва 2016 йилда яриморол аннексия қилинганидан кейин олиб қўйилган активлари юзасидан суд ишларини бошлаган. 2019 йил февраль ойида суд «Нафтогаз» фойдасига қарор чиқарди, шундан сўнг товон миқдорини аниқлаш бўйича суд мажлислари бир неча йил давом этди. Россия «Нафтогаз» ва Қримдаги активларини йўқотган бошқа компанияларнинг даъволарини рад этади. 

Мавзуга оид