12:18 / 23.06.2023
13315

Қабул-2023: 50 мингдан ортиқ хотин-қизга ўқишга кириш учун тавсиянома берилди

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан хотин-қизларга ажратилган қўшимча грант ва контракт квота учун 50,6 минг хотин-қизга 2 та турдаги тавсиянома берилди.

Қўмитанинг маълум қилишича, мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотли  бўлмаган, ўрта махсус ёки профессионал таълим муассасаларини тамомлаган 12 563 нафар талабгорлар тавсиянома олиш учун мурожаат қилган ва уларнинг 11,9 минг нафарига тавсиянома берилган.

Эҳтиёжманд оилалардан бўлган 50 668 нафар талабгор хотин-қизлардан аризалар xotin-qizlar.uz электрон платформаси орқали қабул қилинди. Уларнинг 38,7 минг нафарига тавсиянома берилди.

“Талабгорларнинг мобил телефон рақамига тавсиянома беришга тавсия этилгани ёки рад этилгани тўғрисидаги хабар юборилди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан тавсиянома олган хотин-қизлар ҳақидаги маълумотларни Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги базасига киритиш чоралари кўрилмоқда”, дейилади қўмита хабарида.

Эслатиб ўтамиз, тавсиянома маълумотларини ОТМга ҳужжат топшираётганда алоҳида киритиб ўтириш шарт эмас. Маълумотлар автоматик равишда тўлдирилади. Ҳозир тавсиянома маълумотлари базага киритиляпти. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 15 июлгача тавсиянома маълумотларини Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги базасига киритиб улгуриши керак.

Мавзу
Қабул-2023
2022/23 ўқув йили учун ихтисослашган ва президент мактаблари, коллежлар, техникумлар, бакалавриат ва магистратурага қабул ҳамда ўқишни кўчириш бўйича янгиликлар.
Барчаси
Top