Жаҳон | 06:29 / 24.06.2023
89916
4 дақиқада ўқилади

«Украина Россияга ҳужум қилмоқчи бўлмаган». Пригожин яна бир шов-шувли видео эълон қилди

Фото: Видеодан кадр

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин навбатдаги видеосини эълон қилди. Унда Путиннинг собиқ ошпази уруш борасида Россия расмий позициясини рад этувчи баёнотлар билан чиқди. Пригожин бу сафар нималар деди?

«Биз қонга беланяпмиз»

«Украина армияси Россия армиясига босим ўтказмоқда, биз эса қонга беланяпмиз, захира берилмаяпти, ҳеч қандай бошқарув йўқ», деган сўзи бошида Пригожин. Унинг фикрича, Россия мудофаа вазирлиги ва Бош штаб шундай ҳолатда ҳам урушда енгиб чиқишни ўйламоқда.

«Бошқарув мавжуд бўлмаган, ҳарбий ғалабаларсиз бир ҳолатда мудофаа вазирлиги президентни синчковлик билан алдашда давом этмоқда. Шу сабаб биз кунига 60 та «Леопард» йўқ қилингани, душманнинг минглаб аскарлари ўлдирилгани ҳақида ёлғонлар эшитяпмиз», деган «Вагнер» раҳбари.

Пригожиннинг ахборот хизмати мурожаатнинг 30 дақиқадан иборат биринчи қисминигина эълон қилган. Бу вақт давомида Пригожин доимгидек Шойгу ва Герасимовни ҳақорат қилган.

Пригожинга кўра, 2022 йил 24 февралда Донбассда 2014 йилдан фарқ қиладиган ноодатий ҳеч нарса бўлмаган, Украина томонидан Россия мудофаа вазирлиги алдагани каби «даҳшатли агрессия» бўлмаган. Шунингдек, Украина НАТО давлатлари билан бирга Россияга ҳужум қилишни режалаштирмаган. Пригожиннинг фикрича, Россия мудофаа вазирлиги Украина ҳужум тайёрлаяпти деб жамоатчиликни ва Путинни алдаган. У урушни «махсус ҳарбий амалиёт» деб истеҳзо билан таърифлаган ва барчаси жуда ёмон режа билан бошланганини айтган.

«Бир гуруҳ аҳмоқлар улар ўқув машғулот давомида нима қилишини ҳеч ким билмайди, Киевда уларни ҳеч ким тўхтата олмайди деб ўйлаган. Россия қўшинларини ҳеч ким тўхтата олмаган бўларди, агар аскарлар «қип яланғоч» (етарли қуролсиз) жангга юборилмаса, етарлича ўқ-дори беришса», деган Путиннинг собиқ ошпази.

Унинг сўзларига кўра, урушнинг биринчи кунида Шойгунинг хатоси сабаб Россия армиясининг минглаб энг яхши тайёрланган ҳарбийлари ҳалок бўлган. 2022 йил март ойи ўрталарига келиб эса Россия вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмаётган «қалтироқ чол»га айланган. Унинг фикрича, уруш бир гуруҳ ҳайвонлар мақтаниши ва ўзини пиар қилиши учун бошланган. Пригожинга кўра, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу учун маршал даражаси ва иккинчи Россия Қаҳрамони ордени тайёрлаб қўйилган бўлган. «Ҳаммаси биргина руҳий касал одам тобутда ётганида олдидаги ёстиққа мана шу юлдузни қўйишлари учун бўлди», деган «Вагнер» асосчиси.

Шунингдек, Пригожин уруш ҳозир амалда Россияни бошқараётган олигархлар клани учун ҳам керак бўлганини айтди. Унинг фикрича, ўзидан бошқа ҳеч кимни ўйламайдиган олигархлар Виктор Медведчукни Украина президенти қилмоқчи бўлишган.

«Бизнинг русларни хафа қилаётганларга қарши муқаддас урушимиз рэкет ва каламушликка айланиб кетди», деди Пригожин руслар назоратидаги ҳудудларга юборилган активлар ўзаро бўлиб олингани ҳақида гапирар экан. Унинг сўзларига кўра, Россия мудофаа вазирлиги навбатдаги катта ҳудудни бой бергандан кейин ҳам ҳеч иккиланмай «қайта гуруҳланиб қулайроқ позицияга ўтгани» ҳақида гапираверади. Худди Лиман ва Херсонда бўлгани каби.

Мавзуга оид