Украинада урушнинг 486-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • 24 июн куни «Вагнер» ХҲК жангчилари миллиондан ортиқ киши яшайдиган Ростов-Донни назоратига олди ва Москва томон йўл олди. Бу воқеа Евгений Пригожин эълон қилган «Адолат марши» доирасида рўй берди. 
  • Владимир Путин мурожаат билан чиқиб, Пригожинни хиёнатда айблади — шу билан бирга «Вагнер» раҳбарининг номини тилга олмади.
  • РФ Бош прокуратураси РФ ЖК 279-моддаси (қуролли исён) бўйича Пригожинга қарши жиноий иш очди — бу модда 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини кўзда тутади.
  • Москва шаҳрида, шунингдек Москва ва Воронеж областларида аксилтеррор амалиётлар режими жорий этилди. У ҳукуматга кенг ваколатлар тақдим этади: кучишлатар идоралар суд қарорисиз регионлар аҳолисининг шахсий ёзишмаларини ўқиш ва исталган бинога кириши мумкин.
  • «Вагнер» жангчилари Москвага етишига 200 километр қолганида Пригожин шундай деди: «Қон тўкилмаслиги учун ўз колонналаримизни ортга бурамиз ва режа бўйича дала лагерларига қайтамиз». Бу унинг Александр Лукашенко билан ўтказилган музокараси натижасида рўй берди.
  • РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Пригожинга қарши очилган жиноий иш тўхтатилади, у Беларусга «кетади», исёнда қатнашган «Вагнер» ёлланма жангчилари эса «фронтдаги хизматлари инобатга олинган ҳолда» қонун томонидан таъқиб қилинмайди.
  • Oryx лойиҳаси маълумотларига кўра, россиялик ҳарбийлар «Вагнер» ХҲК билан қуролли низо вақтида уч вертолёт ва бир самолёт йўқотган. Россиялик ҳарбийлашган ва пропагандачи каналларнинг РФ мудофаа вазирлиги йўқотишлари тўғрисидаги маълумотлари бир-биридан фарқ қилади — айрим маълумотларга кўра олти вертолёт ва бир самолёт уриб туширилгани, камида 13 нафар учувчи ҳалок бўлгани айтилади. Йўқотишлар бўйича ҳозирча расман маълумот берилмаган.
  • Москва мэри Сергей Собянин 26 июн, душанба кунини ишланмайдиган кун деб эълон қилган. Москва областида оммавий тадбирлар 1 июлга қадар бекор қилинган. «Аксилтеррор операциялар режими» пойтахтда ҳам, худди Москва ва Воронеж областларида бўлгани каби сақланиб қолади.

Киев бўйлаб ракета зарбаси

24 июнга ўтар кечаси Россия Киевга Х-101/Х-555 қанотли ракеталари билан ҳужум қилди — Киев ҳарбий маъмурияти хабарига кўра, 20 дан ортиқ ракеталар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган. Шаҳарнинг Соломенск районида ракета парчалари 25 қаватли турар жой биносига тушган, вайронгарчилик ва бинонинг бир неча қаватларида ёнғин рўй берган. Ёнғинни тонгга келиб ўчиришга муваффақ бўлишган. Маҳаллий ҳарбий маъмуриятга кўра, ҳужум оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 14 киши яраланган, шундан тўрт нафари шифохонага ётқизилган.