Ўзбекистон | 13:18 / 26.06.2023
21540
4 дақиқада ўқилади

Олий суд пленуми томонидан 4 та янги қарор қабул қилинди

Ушбу ҳужжатларда асоссиз жиноий таъқибга учраган шахсларга етказилган зиённи қоплаш, фирибгарлик билан боғлиқ ишларни кўриш бўйича шахснинг ҳаракатларига қонуний ва асосли баҳо бериш, интеллектуал мулк муҳофазасини таъминлаш йўналишидаги амалиётни такомиллаштириш масалалари акс эттирилган.

Фото: Олий суд ахборот хизмати

23 июнь куни бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг навбатдаги мажлисида Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” ва “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Қайд этилишича, кейинги пайтда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик турли хил янги усулларда содир этилаётганлиги, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланилган ҳолда содир этиш ҳолатлари ортиб бораётгани ушбу тоифадаги ишларни доимий таҳлил қилиш орқали жиноят содир этилишига олиб келаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Фото: Олий суд ахборот хизмати

“Бундан ташқари, фирибгарлик билан боғлиқ ишларни кўриш бўйича шахснинг ҳаракатларига қонуний ва асосли баҳо беришда, қилмишни тўғри квалификация қилишда, жиноят таркиби ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ўртасидаги фарқни аниқлашда ягона суд амалиёти йўлга қўйилмагани Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини танқидий қайта кўриб чиқишни тақозо қилди”, дейилади Олий суд матбуот хизматининг хабарида.

Фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини кўришда, айниқса, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиққан низоларни фирибгарлик жиноятларидан фарқлашда англашилмовчиликлар келиб чиқаётгани, қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланишини таъминлаш мақсадида Пленумнинг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори янги таҳрирда қабул қилинди.

Фото: Олий суд ахборот хизмати

Реабилитация – бу асоссиз жиноий таъқибга учраган шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашдир. Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар давомида минглаб шахс реабилитация қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳақида суд қарорлари чиқарилди. Бироқ реабилитация этилган шахсларга етказилган зиённи қоплаш ва уларнинг бошқа ҳуқуқларини тиклашда нафақат судларда, балки бу масалага доир мутасадди идораларда ҳам йиллар давомида тушунмовчиликлар юзага келаётганлиги сабабли “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги янги Пленум қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Унда илк бор айнан кимлар реабилитация қилинган шахс, деб ҳисобланиши, қайси ҳолларда етказилган мулкий зиёнлар тўла ҳажмда қопланиши ва бошқа муҳим тушунтиришлар бериб ўтилган.

Фото: Олий суд ахборот хизмати

Интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини таъминлаш билан бирга уларни самарали ҳимоя қилиш механизмларини йўлга қўйиш ва амалга ошириш ҳамда бу йўналишдаги амалиётни такомиллаштириш давр талабидир. Шу мақсадда, судлар томонидан бу борадаги даъво аризалари, ариза ва шикоятларни кўриб чиқишда турлича ёндашувларнинг олдини олиш ва суд амалиётини бирхиллаштириш зарурати мавжудлиги сабабли Олий суд Пленуми томонидан қонунни қўллаш бўйича тушунтириш беришни даврнинг ўзи тақозо этди. Ишлаб чиқилган Олий суд Пленумининг “Интеллектуaл мулккa оид ишлaрни кўриб чиқишнинг aйрим мaсaлaлaри тўғрисидa”ги қарорида бу борадаги ишларни кўришда ягона суд амалиётини шакллантиришга оид тушунтиришлар акс эттирилди.

Фото: Олий суд ахборот хизмати

Мавзуга оид