Ўзбекистон | 14:46 / 26.06.2023
35098
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда маст ҳайдовчи ИИБ бошлиғини уриб юборди

Жабрланувчи шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Хива шаҳар ИИБ маъмурий биноси олдида кўчани пиёда кесиб ўтаётган подполковник Ботир Отажоновни машина уриб юборган.

Ҳодиса 25 июндан 26 июнга ўтар кечаси соат 00:10 ларда содир бўлгани айтилмоқда. Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Damas русумли машинада ИИБ бошлиғини уриб юборган ҳайдовчи ЙТҲ чоғида маст ҳолатда бўлган.

Ҳайдовчи автомашинасини ҳодиса жойида қолдириб, номаълум томонга яширинган. Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида ҳайдовчининг яширинган жойидан ушлаб келинган, текширувдан сўнг унинг алкогол ичимликдан маст ҳолатда бўлгани тасдиғини топган.

Жабрланувчи туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Унга «Бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия чайқалиши. Ўнг ёнбош суяги қуймич косасининг туби майдаланиб, ўтиргич суяги майдаланиб синиб, силжиши, ўнг сон суягининг бошчасининг травматик марказий чиқиши, юмшоқ тўқималар лат ейиши, қонталаш шилинмалар» ташхиси қўйилган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан Хива шаҳар прокуратураси томонидан терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

  • Маълумот учун, Ботир Отажонов 2021 йил мартида Хива шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид