Жаҳон | 10:23 / 28.06.2023
4696
2 дақиқада ўқилади

ЖАР Африканинг Украина учун тинчлик режаси устида ишлашда давом этмоқда

Путин ва Зеленский яна Африка етакчилари делегациясини қабул қилишга келишиб олди, деди ЖАР ташқи ишлар вазири.

Фото: Evgeny Biyatov/RIA Novosti/AP/picture alliance

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) Украина учун Африка тинчлик ташаббусини ишлаб чиқишда давом этади, деди ЖАР ташқи ишлар вазири Наледи Пандор 27 июнь, сешанба куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан учрашувдан сўнг.

Украина ва Россия президентлари Володимир Зеленский ва Владимир Путин ташаббусни муҳокама қилиш учун Африка давлатлари раҳбарлари билан яна бир учрашув ўтказишга ваъда берди, деди Пандор. «Биз Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг якунланишидан жуда манфаатдормиз», — деди ЖАР Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. 

Расмий равишда ЖАР ҳукумати Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар масаласида бетарафлигини эълон қилди. Июнь ойи ўрталарида президент Сирил Рамафоса Африканинг бошқа олти давлати раҳбарлари билан тинчликпарварлик миссияси таркибида Киев ва Санкт-Петербургга ташриф буюрди. 

Улар томонидан таклиф этилган тинчлик ташаббуси, жумладан, «музокаралар ва дипломатик воситалар орқали» тинчликка эришиш, ҳарбий ҳаракатларни «имкон қадар тезроқ тугатиш», «ҳар икки томонда можаронинг кескинлашувини камайтириш», «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига мувофиқ давлатлар ва халқлар суверенитетини ҳурмат қилиш» ва «барча мамлакатлар учун хавфсизлик кафолатлари»ни назарда тутади. 

Мавзуга оид