10:43 / 28.06.2023
32074

Путин «Вагнер» тўлиқ давлат томонидан молиялаштирилгани ва Пригожин катта пул ишлаб олганини айтди

Уруш даврида Россия бюджетидан ушбу хусусий ҳарбий компания учун 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланган.

Фото: Кремл сайти

Россия президенти Владимир Путин ҳарбийлар билан учрашувда Россия «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси фаолиятини «тўлиқ» молиялаштирганини айтди. 

Президентнинг сўзларига кўра, бутун хусусий ҳарбий компанияни сақлаб туриш учун «2022 йил майидан 2023 йил майига қадар» Россия бюджети 86,3 миллиард рубл (1 млрд доллардан ортиқ) сарфлаган. Бу сумма ёлланма жангчиларнинг яшаш харажатлари ва маошлари, шунингдек рағбатлантирувчи ва суғурта тўловларини ўз ичига олади. «Интерфакс» агентлигининг аниқлик киритишича, Путин давлат ёлланма жангчиларнинг суғурта тўловлари учун яна 110 миллиард рубл ажратганини қўшимча қилган.

Бундан ташқари, Путиннинг айтишича, «Конкорд» компанияси хўжайини (Путин бу сафар ҳам хусусий ҳарбий компания асосчиси Евгений Пригожинни номи билан атамади) бу давр ичида «давлатдан 80 миллиард рубл ишлаб олгани»ни (Военторг орқали россиялик ҳарбийларга озиқ-овқат етказиб бериб) айтган.

«[Вагнер ХҲК]ни сақлаб туришни давлат тўлиқ ўз зиммасига олган, бу бутун гуруҳнинг бир қисми бўлган „Конкорд“ компанияси эса бу вақт давомида 80 миллиард рубл ишлаб олди. Умид қиламанки, бу иш давомида ҳеч ким ҳеч нарса ўғирламади ёки камроқ ўғирлади, аммо биз бунинг ҳаммаси билан шуғулланамиз», — дея қўшимча қилган Россия президенти.

Шу билан бирга, у «Вагнер» жангчилари мамлакатда ҳурматга сазовор бўлиб, «мардлик ва қаҳрамонлик кўрсатгани»ни эътироф этди.

«„Вагнер“ гуруҳига келсак, биз бу гуруҳ жангчилари ва қўмондонларига доимо катта ҳурмат билан муносабатда бўлганмиз, чунки улар ҳақиқатан ҳам жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатган», — деди у.

  • Россия ҳукуматидагилар бир неча бор «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси давлат билан ҳеч қандай алоқага эга эмаслигини билдирган. Масалан, 2023 йилда хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида Франция президенти Эммануэл Макрон бир йил муқаддам Путин уни Россияни «Вагнер» ХҲК билан ҳеч нарса боғламаслигига ишонтирганини айтиб берганди.
  • 2022 йил майида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан кўп вақт ўтмай, РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров «Вагнер» ХҲК — Россия давлатига ҳеч қанақа алоқаси бўлмаган хусусий ҳарбий компания ҳисобланишини маълум қилганди. Ўшанда вазир Украинада «Вагнер» жангчилари йўқлигини айтганди. 
  • 2023 йил 23 июн куни кечқурун «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин «адолат марши» бошлади, унинг доирасида ёлланма жангчилар Москвага кириб бориши кўзда тутилганди. Кейинги кун тонгида вагнерчилар Ростов-Донни эгаллашди ва Липецк областигача етиб боришди. Пригожиннинг сўзларига кўра, унинг ёлланма жангчилари Москвага 200 километр қолганида тўхтаган. «Марш» Пригожиннинг Россия ҳукумати билан келишуви доирасида тўхтатилган, унга кўра «Вагнер» ХҲК сафида қолишга қарор қилган ёлланма жангчилар гуруҳ раҳбари билан «Беларусга кетиши» мумкин эди. 
  • Пригожин исён бошлаганидан кейин унинг Санкт-Петербургдаги офисида тинтув ўтказилган, унинг доирасида тўрт миллиард рубл миқдорида нақд пуллар топилган. «Вагнер» раҳбари бу пуллар ёлланма жангчиларнинг маошлар ва қурбон бўлган ҳарбийларнинг оилалари учун товон сифатида тўлаш учун мўлжалланган пуллар эканини айтган.
Мавзу
Пригожин исёни
23 июн куни кечқурун «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин РФ мудофаа вазирлигини вагнерчиларга ҳужум қилишда айблаб, «адолат марши» эълон қилди. 24 июн куни унинг қўшини Ростовни эгаллаб, Москва томон йўлга тушди.
Барчаси
Top