Жаҳон | 10:15 / 30.06.2023
7133
2 дақиқада ўқилади

БМТ Сурияда бедарак йўқолганларни қидириш учун орган тузади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси Сурияда бедарак йўқолган 100 000 дан ортиқ одамни қидириш бўйича муассаса тузишга овоз берди.

Фото: AP

БМТ Бош ассамблеяси 29 июнь, пайшанба куни Сурияда 2011 йилда уруш бошланганидан сўнг бедарак йўқолган минглаб одамлар тақдирига «аниқлик киритиш» бўйича махсус институт ташкил этиш тўғрисидаги резолюцияни ёқлаб овоз берди, деб хабар беради Бош ассамблея сайти.

Резолюцияда айтилишича, «Сурия Араб Республикасида бедарак йўқолганлар бўйича мустақил муассаса»нинг вазифаларига бу одамларнинг тақдирига ойдинлик киритиш, шунингдек, жабрланганлар ва уларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш киради.

Люксембург вакили ҳужжат матнини тақдим этар экан, расмий маълумотларга кўра, Сурияда 100 минг киши бедарак йўқолган, бироқ реал рақам бундан ҳам кўп бўлса керак, деб таъкидлади. Янги муассасанинг ваколат доираси 80 кун ичида аниқлаштирилади, дейилади ҳужжатда. 

«12 йиллик тўқнашув ва зўравонликлардан сўнг Сурия Араб Республикасида бедарак йўқолганларнинг тақдири ва улар қаерда эканига жавоб бериш орқали оилалар азобини енгиллаштириш бўйича кам муваффақиятга эришилди, бу ҳал этилмаган муаммо аёллар ва болаларга алоҳида таъсир кўрсатмоқда», - дейилади резолюцияда. 

Қарор лойиҳасини ёқлаб 83 делегат овоз берди, 11 нафари қарши чиқди, 62 нафари эса бетараф қолди. Қаршилик қилганлар орасида Россия, Хитой, Эрон, шунингдек, Сурия ҳам бор, уларнинг делегати Дамашқ билан резолюция бўйича маслаҳатлашилмаганини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид