Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чехия россиялик спортчиларнинг мамлакатда ўтказиладиган мусобақаларда қатнашишини тақиқлади
Чехия ҳукумати россиялик барча спортчилар ва спорт жамоаларининг Чехияда ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этишини тақиқлаб қўйди.
Прагада эълон қилинган баёнотда айтилишича, чехиялик спортчилар ва спорт жамоаларига ҳам Россияда ўтказиладиган турнирлар ва ўйинларда иштирок этиш тақиқланган.
Таклиф Чехиядаги спорт уюшмалари томонидан билдирилган ва Миллий спорт агентлиги томонидан қўллаб-қувватланган.
Аввалроқ Россияда асосланган Континентал ҳоккей лигасида ўйновчи чехиялик ҳоккейчилар мамлакат миллий жамоасига ўйнай олмаслиги маълум қилинганди. Чехия ҳукумати эълон қилган жорий тақиқ эса барча спорт турлари ҳамда чехиялик ва россиялик барча спортчиларга тааллуқли.
Бир неча ой олдин Чехия олимпия қўмитаси Россия ва Беларус атлетларининг 2024 йилги Париж олимпиадасида нейтрал байроқ остида иштирок этишига ҳам қарши эканини билдирганди.
Қарийб 11 млн аҳолига эга, Евроиттифоқ ва НАТО таркибига кирувчи Чехия 2022 йил февралида Россия Украинага ҳужум қилганидан буён Киевга ҳарбий ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб келмоқда.