27 июнь куни дипломатик ваколатхона вакиллари ва Малайзиянинг Nityo Infotech компаниясининг рақамли технологиялар бўйича директори Умапати Сиван ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Тадбирда Малайзия компанияси билан мамлакатда ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Умапати Сиван Ўзбекистонда компания офисини очиш, бизнес жараёнларини аутсорсинг (Business Process Outsorcing – BPO) қилиш, мамлакатда электрон тижорат лойиҳаларини амалга ошириш ва булутли технология йўналишида ҳамкорлик ва дата марказ ташкил этиш имкониятларини ўрганишга қизиқиш билдирди.

Учрашув якуни бўйича Малайзия компанияси ва Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот технологиялари бошқармаси ўртасида ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболларини муҳокама қилиш бўйича онлайн учрашув ўтказишга ва хориж томонининг Ўзбекистонга ташрифини ташкиллаштиришга келишилди.