Зеленскийнинг НАТО саммитида иштирок этиш бўйича шарти маълум қилинди
Украина НАТОнинг июл ойидаги саммитида алянсдан аъзолик жараёнини бошлаш таклифини олишга умид қиляпти. Агар НАТО етакчилари “матонат” кўрсатмаса, президент Володимир Зеленский ташкилот саммитида қатнашмайди. Бу ҳақда Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари, Зеленскийнинг бош дипломатик маслаҳатчиси Игор Жовква маълум қилди.
Унинг Reuters'га берган интервюсида айтишича, Киев НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасига 11-12 июл кунлари Вилюнсда бўладиган саммитда жавоб олишни истаяпти. Украина бу аризани ўтган йили 30 сентябрда берган эди.
“Бу ариза ҳозир НАТО бўйича иттифоқчилар етакчиларининг столида турибди. Бу сўровимизга Вилнюс саммитида жавоб берилса, бу жараённинг яхши бошланиши бўларди. Жавоб деганда биз бор-йўғи биринчи қадам ташланиши – аъзоликка таклиф олишни назарда тутяпмиз”, – деди дипломат.
Reuters'нинг қайд этишича, Украина НАТОга қанчалик тез аъзо бўлиши кераклиги борасида Киевнинг иттифоқчилари турлича позицияларга эга. Айни пайтда, айрим ғарб давлатлари алянсни Россия билан урушга яқинлаштирадиган ҳар қандай қадамлардан хавфсираяпти.
Зеленскийнинг маслаҳатчисига кўра, Киев НАТОга Россия билан уруш шароитида аъзо бўлишни имконли деб ҳисоблаяпти. “Биз жараённи бошлашни сўраяпмиз”, – деди у, ўз фикрини кучлироқ ифодалаш учун столга бир уриб қўйган ҳолда.
Украина позициясига кўра, мамлакатнинг Россия босқинига қарши туриб бера олаётгани унинг НАТОга аъзо бўлишга муносиб эканини кўрсатади. Киев ўзини Трансатлантика минтақасидаги хавфсизликнинг муҳим қисми сифатида кўрсатяпти.
Аввалроқ Зеленскийнинг офиси президент Вилнсюга бориш-бормаслик масаласида саммитга оз вақт қолганда бир қарорга келишини билдирганди. Reuters'га кўра, Украина етакчиси тадбирда иштирок этмаса, бу саммитда янграйдиган Ғарбнинг бирлиги ҳақидаги баёнотларга соя солади. Шу билан бирга, Володимир Зеленский Вилнюсга бормай, ўз мамлакатининг энг асосий тарафдорлари билан бевосита учрашиш ва музокара ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024
НАТО бош котиби Украинадаги можаро «траекториясини» ўзгартиришга чақирди
16:07 / 12.11.2024