Спорт | 14:09 / 02.07.2023
34686
11 дақиқада ўқилади

Инглиз клублари таркибни кучайтирмоқда, шайхлар ҳам тўхтамаяпти. Сўнгги трансфер хабарлари

Сўнгги кунлардаги асосий трансфер хабарлари ва миш-мишлар.

«Арсенал»нинг ёздаги уч трансфери

Кай Ҳавертц «Челси»дан «Арсенал»га ўтди. «Канонирлар» футболчи билан узоқ муддатли шартнома тузилганини маълум қилган, аммо муддатга аниқлик киритилмаган. ОАВга кўра, келишув 2028 йил ёзига қадар амал қилиши кўзда тутилган. Трансфер баҳоси – 60+5 млн фунт.

«Арсенал»да Кай 29-рақамли футболкада тўп суради. Ҳавертц «Челси»га 2020 йил кузида келганди, трансфер баҳоси бонуслар ҳисобига 90 млн фунтгача етиши мумкин. Ҳавертц кўклар жамоасида 139 ўйинда майдонга тушиб, 32 гол урди ва 15 голга узатма берди.

«Арсенал» «Вест Ҳэм»дан Деклан Райс ва «Аякс»дан Юрриен Тимбер трансферини ҳам ҳал қилган. Нуфузли инсайдер Фабрицио Романо бу икки келишув ҳам «якуний босқичда» эканини хабар қилган. Англиядаги энг ишончли спорт нашри The Athletic хабарига кўра, томонлар трансфер қийматини келишиб бўлган – 100 млн фунт (116 млн евро) ва яна 5 млн фунт — натижага кўра бонус сифатида кўзда тутилган.

«Вест Ҳэм» 100 млн фунтни 18 ой ичида олишни истамоқда, «Арсенал» тўлов тўрт йил давомида тўлаб борилишига умид қилмоқда. Бундай босқичда томонлар трансфердан воз кечиши қийин, қолаверса, футболчига асосий даъвогарлардан бири «Сити» курашдан чиққан.

Райс келиши жамоа марказидаги муаммоларга ечим бўлади. Жамоанинг икки асосий таянч яримҳимоячилари - Гранит Чака («Байер») ва Томас Парти (Саудия Арабистони) кетиши ойдинлашган.

Нидерландиялик ҳимоячи Юрриен Тиммер трансфери ҳам янги ҳафтада эълон қилиши кутилмоқда. «Аякс» 35 миллион евролик дастлабки таклифни рад этганди, аммо Романо у яқин вақтлар ичида Лондонда тиббий кўрикдан ўтиши ҳақида ёзган.

«Челси» сенегаллик ҳужумчини сафига қўшиб олди

«Челси» фақат ўз футболчиларини сотиш ёки ижарага бериш билан шуғулланмаяпти, балки янги харидлар ҳам амалга оширмоқда. Сенегаллик ҳужумчи Николас Жексон Лондон клуби билан саккиз йиллик шартномага имзо чекди. «Челси» 21 ёшли футболчи учун «Вилярреал»га 37 млн евро тўлайди.

«Норвич» билан шартномаси тугаган Алекс Матос ва «Бенфика»ни эркин агент мақомида тарк этган Португалия U-21 аъзоси Диегу Морейру ҳам Лондон клуби таркибига қўшилди.

«Челси»да 19 йил ўйнаган Рубен Лофтус-Чик «Милан» футболчисига айланди. Кўклар жамоаси ушбу трансфердан 16+4 млн евро ишлаб олади.

Сесар Аспиликуэтанинг ҳам «Челси»даги даври поёнига етди, лекин у кутилганидек, «Интер»га ўтмасдан, ватанига қайтмоқда. Фабрицио Романога кўра, у яқин вақтлар ичида «Атлетико» аъзосига айланади.

ESPN маълумотига кўра, Кристиан Пулишич ҳам «Челси»ни тарк этиб, «Милан»га ўтади. Клублар трансфер учун тўлов масаласида музокара ўтказмоқда.

«Тоттенҳэм» Мэддисонни сотиб олди

«Шпорлар» «Лестер» яримҳимоячиси Жеймс Мэддисон билан шартнома имзолади — томонлар 2028 йилга қадар ҳамкорлик тузишган. Sky Sports маълумотига кўра, «Тоттенҳэм» 26 ёшли футболчи учун 45 миллион евро тўлайди. Ўтган мавсумда Мэддисон «Лестер» сафида 30 ўйинда 10 гол уришга эришди, аммо бу клуб АПЛда қолишига ёрдам бермади.

Лондон клуби «Эмполи»дан дарвозабон Гулелмо Викариони ҳам сотиб олди — 26 ёшли футболчи трансфери 19 миллион еврога тушган. Ўз навбатида, жамоани ёш яримҳимоячи Ҳарри Уинкс тарк этди — у 10 млн фунт эвазига «Лестер» аъзосига айланди.

«Лестер»нинг яна бир яримҳимоячиси Юри Тилеманс эса эркин агент мақомида «Астон Вилла»га келиб қўшилди.

«Интер» Тюрам билан шартнома имзолади

Франциялик форвард Маркус Тюрам «Интер» аъзосига айланди, бу ҳақда миланликлар клуби сайтида хабар берилган.

25 ёшли футболчи билан 2027 йил ёзига қадар амал қилувчи шартнома тузилган. Футболчи Италия клубига эркин агент мақомида келиб қўшилди.

Тюрам 2019 йилдан буён Менхенгладбаҳнинг «Боруссия» клубида тўп суриб келарди. Якунланган мавсумда ҳужумчи 32 ўйинда майдонга тушиб, 16 гол урди ва 7 голга узатма берди. Transfermarkt портали футболчининг трансфер қийматини 32 миллион еврога баҳолаган.

Маунт — «МЮ»га ўтади

«Манчестер Юнайтед» «Челси» яримҳимоячиси Мейсон Маунт билан шартнома имзолайди. The Athletic маълумотига кўра, манкунианликлар 24 ёшли англиялик футболчи учун 55 миллион фунт стерлинг тўлайди, яна 5 миллион фунт бонуслар сифатида ўтказиб берилиши мумкин. Яқин вақтлар ичида Маунт тиббий кўрикдан ўтиб, 5 йиллик шартномага қўл қўйиши кутилмоқда.

Ўтган мавсумда ушбу яримҳимоячи «Челси» сафида барча турнирлар доирасида 35 ўйинда майдонга тушиб, 3 гол урди ва 6 голга узатма берди.

The Atletic маълумотига кўра, «МЮ» Маунт ўрнига ёшроқ эквадорлик футболчи Мойсес Кайседони (21 ёш) олмоқчи бўлган, аммо «Брайтон» бу футболчиси учун 100 млн фунт сўраган.

Собослаи — «Ливерпул»га келади

«Лейпциг» ва Венгрия миллий жамоасининг асосий етакчиси Доминик Собослаи яқин вақтлар ичида «Ливерпул» аъзосига айланади, деб хабар қилмоқда Sky Sport.

Нашр маълумотига кўра, клублар аллақачон футболчининг трансфери бўйича келишиб олишган. «Ливерпул» ҳавбек учун 70 миллион фунт тўлайди. Футболчи 3 июл куни «Ливерпул» учун тиббий кўрикдан ўтади.

2022/23 йиллар мавсумида Собослаи барча турнирлар доирасида 46 ўйинда майдонга тушиб, 10 гол урган ва 13 голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг «Лейпциг» билан шартномаси 2026 йил ёзига қадар кўзда тутилганди.

Ўз навбатида, «Ливерпул» 20 ёшли яримҳимоячиси Фабиу Карвалюни «Лейпциг»га ижарага берган. Келишувга мавсум якунида сотиб олиш ҳуқуқи тўғрисида банд киритилмаган.

«Бавария» Канселуни сотиб олмайди

Ўнг қанот ҳимоячиси Жоау Канселу «Бавария»ни тарк этади. 29 ёшли португалиялик 2023 йил январида «Сити»дан ижарага олинганди ва тезда асосий таркибга киришиб кетганди — у 15 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол урди ва 4 голга узатма берди. Аммо ижара муддати якунланганидан кейин мюнхенликлар унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олмади ва энди футболчи Манчестерга қайтиши керак.

Португалиялик футболчи Англияда ўйнашда давом этиши қийин — миш-мишларга кўра, унинг Пеп Гвардиола билан муносабати жуда ёмон ва у катта эҳтимол билан ёзда жамоани буткул тарк этади. Хабарларга кўра, Канселуга «Барселона» даъвогар бўлиб турибди. Transfermarkt футболчининг трансферини 50 миллион еврога баҳолаган.

Эрнандес «ПСЖ»га ўтади

«ПСЖ» «Бавария»нинг француз ҳимоячиси Люк Эрнандес трансфери бўйича ишларни якунлади. L'Equipe маълумотига кўра, парижликлар 27 ёшли футболчи учун 48-50 миллион евро тўлайди.

Эрнандес мюнхенликлар сафида 2019 йил июлидан буён ўйнаб келаётганди. 2022/23 йиллар мавсумида у 11 ўйинда бир 1 гол урди ва  1 голга узатма берди.

Француз футболчисининг шартномаси 2024 йил ёзига қадар кўзда тутилганди. У аввалги раҳбарият даврида дахлсиз футболчилардан бир эди, аммо энди унга муносабат ўзгарган ва шу туфайли Парижга кетишга қарор қилган. Эрнандес янги клуби билан беш йиллик шартномага имзо чекади. Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 45 миллион еврога баҳолаган.

Милан Шкриняр эса «Интер»ни эркин агент сифатида тарк этиб, парижликлар сафига келиб қўшилмоқда. Бу ҳеч ким учун сюрприз бўлгани йўқ — 28 ёшли ҳимоячи шартномаси тугаганидан кейин клубдан кетиши ҳақида қишдаёқ маълум бўлиб улгурганди. Якунланган мавсумда Шкриняр «Интер» учун барча турнирлар доирасида 31 ўйинда майдонга тушди.

«Барселона» Брозович трансферига яқин

Каталонияликлар «Интер Майами»га йўл олган Серхио Бускетс ўрнига футболчи қидиришда давом этмоқда. Бунинг учун асосий вариант Марсело Брозович бўлиб турибди. «Интер»нинг 30 ёшли яримҳимоячиси Саудиянинг «Ан-Наср» клубига ўтиши кутилаётганди, аммо сўнгги вақтларда футболчи учун сўровлар кўпайиб кетган, Жанлука Ди Марциога кўра, у «Барселона»га ўтишга розилик билдирган. Қизиқ жиҳати, «Интер» ҳавбек билан 23 миллион евро эвазига хайрлашишга рози, аммо каталонияликлар ўз футболчиларини сотмасдан бу тўловни амалга ошира олмайди.

Бу трансфер амалга ошиши учун Франк Кессие «Ал-Аҳли»га сотиши керак бўлади, араблар унинг учун 20 миллион евро тўлашга рози. Муаммо шундаки, Кессиенинг ўзини йилига 10 миллион евродан иборат маош қаноатлантирмаяпти ва у камида икки баробар кўпроқ олишни истамоқда. Шу туфайли «Барселона» «Вилярреал»дан Дани Парехони олиш вариантини ҳам кўриб чиқмоқда — Хави ўз жамоасида ушбу 34 ёшли футболчини кўришни истамоқда, аммо раҳбарият унинг ёши туфайли иккиланмоқда.

Бернарду Силвага Саудия Арабистонидан ақлбовар қилмас таклиф келди

Шайхлар футбол бозорини алғов-далғов қилишда давом этмоқда. Sky Sports хабарига кўра, саудияликларнинг қайсидир клуби «Манчестер Сити»нинг португалиялик яримҳимоячиси Бернарду Силвага йилига 90 млн евролик маош таклиф этган. Аввалроқ ушбу футболчига Силванинг миллий жамоадаги шериги Криштиану Роналду тўп сурувчи «Ан-Наср»дан қизиқиш мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Фирмино Саудия Арабистонига йўл олади

«Ливерпул»да ўтган саккиз йилдан кейин эркин агентга айланган Роберто Фирмино ҳам европалик юлдузлар учун машҳурлашган йўналиш бўйлаб ҳаракатланади — Саудия Арабистонига. Фабрицио Романонинг тасдиқлашича, бразилиялик тажрибали футболчи ва «Ал-Аҳли» уч йиллик шартнома бўйича келишиб олди.

31 ёшли форвард якунланган мавсумда «Ливерпул» учун АПЛ доирасида 25 ўйинда майдонга тушиб, 11 гол урди ва 4 голга узатма берди.

Мавзуга оид