Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул бошланганига деярли ярим ой бўлган бўлса-да, 4 июл эрталаб ҳолатига атиги 154,6 минг абитуриент ўқишга кириш учун онлайн ариза топширган. Ваҳоланки, бу йил 1,2 млн абитуриент ҳужжат топшириши прогноз қилинган. Абитуриентларнинг фаол эмаслигини квоталарнинг эълон қилиниши кеч қолгани билан изоҳлаш мумкин. Лекин кечикиб бўлса-да, ОТМнинг бакалавриат, магистратурасига квоталар тасдиқланди. Қўшимча ва мақсадли қабул параметрлари ҳам эълон қилинди. Энди абитуриентлар кўнгил хотиржам, бемалол танлаган йўналишларига ҳужжат топширса бўлади.

Абитуриентлар учун асқатадиган муҳим жиҳатларни санаб ўтамиз.

Мактаб баҳолари ҳисобга олинмайди

Энг асосий янгиликлардан бири ОТМга кириш имтиҳонларида битирувчиларнинг сўнгги 6 йилликдаги баҳоларининг ўртача кўрсаткичи ҳисобга олинмаслигидир. Шу йилдан баҳолар имтиҳонда тўпланган баллга қўшилиши керак эди, бироқ бу тартиб ҳали амалга киритилмасдан 2 йилга кечиктирилди.

Бу дегани жорий йилда мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида инобатга олинмайди.

Мақсадли қабул параметрлари ҳақида

Абитуриент ўқишга топшираётган пайти мақсадли қабулни танлаши ёки танламаслиги мумкин. Агар танласа, у мақсадли қабул учун ўз ҳудудига ажратилган грант ўринлар танловида иштирок этади ва бюджет асосида кириш имкони кўпроқ бўлади. Бироқ агар мақсадли қабул бўйича ўқишга қабул қилинмаса ҳам, барча абитуриентлар қатори умумий танловда қатнашади.

Мақсадли қабулда ўқиган талабаларда ўқишни тугатгач ўз ҳудудида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти бўлади.

Тиббиёт соҳаси, олис ва чекка ҳудудлардаги мактаблар