Жаҳон | 12:37 / 10.07.2023
7364
2 дақиқада ўқилади

Хитойда болалар боғчасига пичоқ билан қилинган ҳужум оқибатида 6 киши ҳалок бўлди

Хитой жанубидаги болалар боғчасига пичоқ билан ҳужум қилиш оқибатида тарбиячи, икки ота-она ва уч бола ҳалок бўлди, дея хабар беради маҳаллий маъмурият.

Фото: Video obtained via REUTERS

Хитой жанубидаги Гуандун провинциясида болалар боғчасига қилинган пичоқли ҳужум оқибатида олти киши ҳалок бўлди, бир киши яраланди. Бу ҳақда 10 июль, душанба куни шаҳар маъмурияти вакили маълум қилди.

«Қурбонлар орасида - бир нафар тарбиячи, икки ота-она ва уч нафар тарбияланувчи бор», — дея унинг маълумотидан иқтибос келтирган AFP агентлиги.

Полиция маълумотларига кўра, 25 ёшли эркак Лянцзянда қўлга олинган, ҳужум 9 июль куни содир бўлган. Жиноятчининг мотивлари аниқлаштирилмоқда.

Хитойда ўқувчиларга ҳужумлар кўп йиллардан бери муаммо бўлиб келяпти, дейди экспертлар. Айниқса, иқтисод ўсиб, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут шиддат билан кенгайиб борар экан, зўравонлик кучаймоқда, деб ёзади AFP. 

2022 йил август ойида Хитой жануби-шарқидаги Цзянси провинциясида болалар боғчасига пичоқ билан ҳужум уюштирилгани оқибатида уч киши ҳалок бўлган ва олти киши жароҳатланган эди. 

Хитой тинч аҳолига ўқотар қуролга эга бўлишни тақиқлайди, аммо мамлакатда пичоқ билан ҳужумлар кўп учрайди, дея таъкидлади AFP. Агентлик эслатишича, 2018 йилда мамлакат шимолида тўққиз болани пичоқлаган ва яна 11 кишини жароҳатлаган эркак ўлимга ҳукм қилинган. 

Мавзуга оид