Марғилон шаҳрида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилади;
Марказда аския ва қизиқчилик ижрочилиги йўналишида «устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантириш, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, маданият ва таълим муассасаларида аския ва қизиқчилик санъати тўгаракларини ташкил этиш ишлари олиб борилади;
Ҳар йили сўз усталари ва қизиқчилар ўртасида «Хуш кайфият» республика кўрик-танлови ҳамда аския кечалари, аския ва миллий қизиқчилик санъатини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш мақсадида ҳар икки йилда бир марта «Табассум» халқаро кулги фестивали ўтказилади.
Аския ва қизиқчилик санъати соҳасида ҳар йили камида 3 та илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси танлов асосида шакллантирилади.
Ҳар йили камида 5 та саҳнада намойиш этишга мўлжалланган ҳажвий асар учун давлат буюртмаси берилади.
Ижодий танлов асосида эркин ижодкор ва жамоалар томонидан ҳар йили камида 10 та концерт-томоша тадбири ва аския кечаларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.
Ҳар йили камида 25 та юксак бадиий савиядаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш учун давлат буюртмаси берилади, бунда энг кенг оммалашган 5 та аудиовизуал асар ижодкорлари Маданият ва туризм вазирлиги ҳайъатининг қарори билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Давлат органлари, муассасалари ва корхоналари ҳар чоракда камида бир маротаба бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг маданий-эстетик ҳордиқ чиқариши учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, концерт, цирк ва театрларга, аския, қизиқчилик ва сўз санъати томошаларига кириш учун чипта ва абонементларни харид қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

















