Британиянинг Guardian газетаси ёзишича, 57 ёшли дипломатнинг йўқ бўлиб қолиши Пекин АҚШ билан муносабатларни яхшилашга уринаётган ва хитойлик бир қанча юқори мартабали амалдорлар америкалик ҳамкасблари билан учрашишни режалаштирган маҳалга тўғри келганини қайд этди.

Шу билан бирга Хитой ТИВ расмий вакиллари ўз раҳбарининг тақдири ҳақидаги саволларга аниқ жавоб қайтармаяпти.

Душанба куни ташқи ишлар вазирлигидаги брифингда вазирлик расмийси Мао Нин Чин Ганг қаерда экани ҳақидаги саволга жавобан унда тақдим этиш учун маълумот йўқлигини айтди.

Хитойда юқори мартабали мулозимларнинг тўсатдан ғойиб бўлиб қолиши уларнинг жиддий муаммоларга дуч келганини англатиши мумкин. Шу туфайли Мао Ниннинг жавоби ТИВ раҳбари тақдири ҳақида миш-мишлар ва шубҳаларнинг бутун бир тўлқинини келтириб чиқарди.

«У нима дейишни билмайдими?» — дея муносабат билдиради Хитойдаги Weibo ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири ТИВ видеоклипига. «Бундай жавоб жиддий хавотир уйғотади», — дея ёзган яна бир  фойдаланувчи.

Ғойиб бўлган вазир

Чин Гангнинг номи сўнгги бор 25 июн кунги янгиликларда тилга олинганди, ўшанда у Пекинда Шри-Ланкадан келган ҳамкасби билан учрашганди.

Чин Ганг америкалик ҳамкасби, давлат котиби Энтони Блинкен билан, 2023 йил 17 июн.
Фото: Getty Images

Шундан кейинги тадбирларда у кўриниш бермади. Хусусан:

  • Чин Ганг АҚШ молия вазирлиги раҳбари Жанет Йеллен билан ўтказилган музокараларда қатнашган Хитой расмий шахслари сафида йўқ эдин.
  • У иқлим бўйича музокараларда Жон Керри билан учрашмади.
  • Ўтган ҳафтада Чин Ганг Индонезияда Жануби-Шарқий Осиё миллатлари ассоциацияси (ASEAN) саммитида Пекин делегациясига бошчилик қилиши керак эди, аммо сўнгги лаҳзаларда уни алмаштиришди. Ўшанда Хитой ТИВ спикери Ван Вэнбин вазир соғлигидаги муаммо туфайли Индонезияга бормаслигини айтганди, аммо тафсилотларни келтирмаганди. Вазирлик сайтида берилган баёнотда вазирнинг соғлиги ҳолати ҳақидаги сўзлар тушириб қолдирилди. Делегацияга вазир ўрнига Хитой ТИВнинг собиқ раҳбари, 2022 йил декабридан Хитой Компартияси Марказий қўмитасининг хорижий ишлар бўйича комиссияси аппарати директори бўлган Ван И раҳбарлик қилди.