Тожикистоннинг Asia-plus нашри Марказий Осиё ва бошқа бир қатор давлатлардаги депутатларининг ойлик маошини таққослади. Унда Марказий Осиё давлатлари ичида Қозоғистон депутатлари энг кўп, Ўзбекистон депутатлари энг кам маош олиши келтирилган.
Қайд қилинишича, Қозоғистон депутатларининг маоши 2050 АҚШ долларига тенг (23,8 млн сўм). Ундан кейинги ўринларда Тожикистон депутатлари – 688 доллар (8 млн сўм) ва Қирғизистон депутатлари – 500 доллар (5,8 млн сўм). Ўзбекистон депутатлари 380 доллар (4,4 млн сўм) маош билан сўнгги ўринда қайд этилган. Туркманистон бўйича маълумотлар йўқ. Бу борада нашр мухбирлари ўзбек депутатларининг маошлари ҳақидаги маълумотларни очиқ манбалардан олган бўлиши мумкин.
Манба келтирган қўшимча маълумотларга кўра, Беларус депутатлари 950 доллар (11 млн сўм), Буюк Британия депутатлари 5950 доллар (69 млн сўм), Россия депутатлари 6850 доллар (79 млн сўм), Европарламент депутатлари 7500 доллар (87 млн сўм) маош олади.
Kun.uz Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қанча маош олиши ҳақидаги маълумотларни ўрганди.
“Яширин” маош
Маълум бўлишича, 2020 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига махсус банк карталари берилган. 2021 йилда бу пластик карточкага ҳар бир депутат учун ойига 10 млн сўмдан пул тушириб берилган. Бундан ташқари, уларга 7-8 миллион сўм атрофида ойлик маош тўланган. Натижада депутатлар ҳар ой 17-18 млн сўм даромад кўрган.
Бу борада Kun.uz мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нечта депутатлари билан суҳбатлашди. Халқ вакиллари ҳар ой пластик картага 10 млн сўмдан олаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
“Ҳа, ҳар ой банк картамга 10 млн сўм оламан. Бу яхши ишлашимиз ва молиявий муаммолар ҳақида ўйламаслигимиз учун қилинган. Ҳамма нарса меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган. Пул махсус ҳисобварақлардан ажратилади”, – деди исми сир қолиш шарти билан гапирган депутатлардан бири.
Ҳукуматдаги бир қанча манбаларнинг тасдиқлашича, ҳозирда депутатлар ойига ўртача 18 млн сўм пул олади. Нима учун бу маълумот очиқ айтилмаслиги ҳақидаги саволга эса жавоб берилмади.
Манбалардан яна бири банк пластик карточкасига тушаётган 10 миллион сўм “махсус жамғарма”дан ажратилаётганлигини айтиб, бу пул маош эмас, балки давлатнинг ўзига хос “қўллаб-қувватлаши” эканини таъкидлади.

















